Футбол бўйича Тожикистон терма жамоасини грузиялик мутахассис бошқаради

Гела Шекиладзе. ТФФ матбуот хизмати фотосурати

Футбол бўйича Тожикистон терма жамоасига янги бош мураббий этиб грузиялик мутахассис Гела Шекиладзе тайинланди, деб хабар беради Тожикистон футбол федерацияси (ТФФ) матбуот хизмати.

Шекиладзе бу лавозимда хорватиялик мутахассис Петар Сегрт ўрнини эгаллади.

Тожикистон футбол раҳбарияти мамлакат терма жамоаси тарихидаги энг муваффақиятли мураббийга айланган Сегрт билан шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Унинг бошчилигида терма жамоа илк бор Осиё Кубогига чиқди ва чорак финалга етиб борди. Шекиладзе ҳам миллий терма жамоа муваффақиятида иштирок этди, чунки у хорватиялик мураббий штабида эди.

Шекиладзенинг тайинланиши қисман мухлислар учун кутилмаган иш бўлди, чунки бу номзод деярли кўриб чиқилмаганди. Жамоани Игорь Черевченко, Мухсин Муҳаммадиев ёки ҳатто яқинда Душанбега ташриф буюрган ва у ерда маҳаллий мутахассислар учун семинар ўтказган Қурбон Бердиев бошқариши мумкинлиги тахмин қилинганди.

Тожикистон терма жамоаси Осиё жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичига йўлланмани қўлга киритди. Март ойи охирида тожикистонликлар саралаш босқичи доирасида Саудия Арабистони терма жамоасига қарши иккита ўйин ўтказади.

ℹ️ Гела Шекиладзе — Грузия терма жамоасининг собиқ футболчиси. Футболчи сифатида у Батумининг «Динамо» жамоасида ўйнаган, у билан бирга миллий чемпион бўлган, Бельгиянинг «Льерс» ва «Руселаре» клублари таркибида Бельгия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган, шунингдек, Киевнинг «Арсенал» ва ЦСКА клубларида ўйнаган. Мураббий сифатида узоқ вақт Петар Сегрт билан аввал Грузия ёшлар терма жамоасида, кейин Индонезия ва Босния чемпионат клубларида, Афғонистон ва Малдив ороллари терма жамоаларида ишлаган. 2022 йилдан буён у Сегртнинг Тожикистон терма жамоасидаги мураббийлар штабида ишлаб келганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ