Уч йил ичида Ўзбекистонда 28 та йирик «яшил» электр станцияси ишга туширилади

samelectric.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда «яшил энергия» соҳасида йирик қувватларни қуриш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилмоқда. 2027 йилга қадар мамлакатда умумий қуввати 8 ГВт бўлган 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини (ФЭС ва ШЭС) фойдаланишга топшириш режалаштирилган, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанция қурилади. Жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қуввати ўрнатилади.

Жорий йили Ўзбекистонда умумий қуввати 2,6 ГВт бўлган 14 та электр станцияси ишга туширилади. Янги қувватлар ҳисобига камида 85 миллиард киловатт-соат, жумладан, ФЭС ва ШЭСларда 6 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқарилади.

28 февраль куни давлат раҳбари билан бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти ҳозирги электр энергиясига бўлган эҳтиёждан ўн баравар юқори эканлиги таъкидланди. Сўнгги йилларда ҳукумат «яшил» энергетика соҳасига катта эътибор бера бошлади. Натижада сармоядорлар учун жозибадор муҳит яратилди, соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди, 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Деярли барча ҳудудларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда.

«Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилди», — дея мисол келтиради Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Ижтимоий соҳа объектлари, корхона, ташкилот, фирма ва турар-жой биноларига умумий қуввати 457 МВт бўлган қуёш батареялари ўрнатилди. Ушбу мақсадлар учун банклар томонидан қарийб 2 триллион сўм (161 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратилган.

«Натижада қўшимча 5 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр ишлаб чиқариш ва 1,5 миллиард куб метр газ тежаш имконияти яратилди. 2024 йилда «яшил энергия» ҳажми 13 миллиард киловатт-соатга, унинг республикадаги жами улуши 15 фоизга етади. Қисқа давр учун бу жуда катта кўрсаткич, албатта», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, «яшил» энергетика – ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. Бу соҳадаги кенг қамровли ишлар маҳаллий корхоналарда трансформатор, ҳар хил турдаги кабеллар, иситиш коллекторлари, қуёш панели, изолятор, металл устунлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам катта туртки берди.

Жумладан, жорий йили Қарши шаҳрида қуёш батареялари, аккумуляторлар, инверторлар, сув иситгичлари, Оҳангарон саноат зонасида кабел ва трансформаторлар, Нукус ва Андижон вилоятида қуёш батареялари ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.

Йирик қуёш ва шамол электр станцияларини яратиш, уларни тармоққа улаш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш маҳаллий корхоналар учун камида 1 миллиард долларлик бозорни очиб беради, деди Мирзиёев.

ℹ️ 2019 йил май ойида президент муқобил манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларига солиқ имтиёзлари бериладиган қонунни имзолаган эди. Хусусан, турар-жой биноларида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи фуқаролар уч йил муддатга жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади.

ℹ️ Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станцияси 2021 йил август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган эди. Станциянинг қуввати 100 МВт, инвестор эса БААнинг Masdar компанияси бўлди. Қурилиш 110 миллион долларга тушди.