Ўзбекистонда агровольтаика бўйича илк тажриба Хоразм вилоятида ўтказилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Voltalia компанияси бош директори Себастьен Клэр ФЭС қуриилишига старт бермоқдалар. president.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда илк бор Хоразм вилоятида қуёш батареялари остида экин экилади. Бу ишлар 29 февралда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида қурилишига старт берилган қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станцияси (ФЭС) лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Давлат раҳбари матбуот хизмати шу ҳақда хабар берди.

Хоразм вилоятининг Тупракқалъа туманидаги қуёш электр станцияси Франциянинг Voltalia компанияси томонидан қурилади. У 2022 йил декабрь ойида қурилиш тендерини ютиб олганди. Электр станциясини жорий йил охиригача тармоққа улаш режалаштирилган. ФЭС йилига 254 миллион киловатт-соат «яшил энергия» ишлаб чиқаради, бу эса вилоятдаги йиллик электр энергиясининг 11 фоизини қоплайди, Хоразмда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга – 424 МВтгача оширади, дея хабар беради матбуот хизмати.

Тупракқалъа туманининг йиллик электр энергиясига бўлган талаби 135 миллион кВт/соат бўлганлиги сабабли, ортиқча маҳсулот қўшни ҳудудларга узатилиб, 85 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.

«Энг муҳими, ушбу лойиҳа орқали 76 миллион метр куб табиий газ тежалади, атмосферага 106 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

ℹ️ Қуёш панеллари остида экинларни етиштириш агровольтаика (AgroPhotoVoltaics, APV) деб аталадиган инновацион технологиядир. Хулоса шуки, маълум бир ҳудуд бир вақтнинг ўзида иккита мақсадда ишлатилади: экинларни етиштириш ва электр энергиясини ишлаб чиқариш. Мирзиёев 28 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда агровольтаикалардан фойдаланиш салоҳияти йилига 10 ГВтгача эканини маълум қилди ва бу технологияни мамлакатнинг олти вилоятида синовдан ўтказишни буюрди.