Қозоғистонда сув тошқини тўғонни ўпириб юборди

primeminister.kz сайти фотосурати

Ақтўбе вилоятида (Қозоғистон ғарбида) эриган қор ва муз сувларидан ташкил топган кучли оқим Магаджан сув омбори тўғонини ёриб юборди, деб хабар беради «Диапазон» газетаси.

Мазкур сув омбори Хромтау вилояти Табантал қишлоқ округида жойлашган. Қизилту қишлоғидан 25 киши, жумладан, 4 нафар бола, Табантал қишлоғидан 11 киши эвакуация қилинган. Улар Бескоспа қишлоғидаги мактабга жойлаштирилган.

Вилоят маъмурий маркази — Ақтўбе шаҳри ҳокими Азамат Бекет бир кун аввал сув тошқини туфайли Магаджан сув омбори тўғони ўпирилиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Тегишли видеомурожаат ҳокимликнинг Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ)даги саҳифасида жойлаштирилган.

«Хромтау вилояти ҳудудида жойлашган Магаджан сув омбори ўпирилиши мумкинлиги муносабати билан Ақтўбе сув омборига катта ҳажмда сув келиши кутилмоқда. Шунга кўра, Ақтўбе сув омбори тўлиб кетиши сабаб, биз шлюзни очишга мажбур бўламиз. Огоҳ бўлинг, бу қирғоқ ҳудудларни сув босиб кетишига олиб келиши мумкин», — деган ҳоким Илек дарёси ва Қарғали дарёси яқинида жойлашган боғдорчилик жамоалари аҳолисидан уйларини тарк этишни сўраб.

Ақтўбе вилоятининг Айтекебий туманида 30 мартга ўтар кечаси сув тошқини Шчербаковский тўғонини ҳам бузиб юборган. Сув Жургенова қишлоғи чеккасидаги Иргиз дарёсига оқиб кела бошлаган. Маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Тўғон ўпирилиши факти юзасидан Ақтўбе вилояти прокуратураси томонидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 371-моддаси 1-қисми («Масъулиятсизлик») билан жиноят иши қўзғатилган.

Март ойи охиридан бошлаб Қозоғистонда сув тошқини туфайли кескин вазият юзага келган. Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон вилоятларида табиий офат оқибатлари бартараф этилмоқда. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, табиий офат зоналаридан 19 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. Қутқарув ишларига 9 мингдан ортиқ киши жалб этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ