Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари футзал бўйича Осиё кубоги плей-офф босқичига чиқди

Ўзбекистон терма жамоаси футзалчилари. ЎФА матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоалари футзал бўйича Осиё кубоги плей-офф босқичига чиқди.

Ўзбекистон терма жамоаси 100 фоизлик натижа билан В гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон терма жамоаси Австралия (3:2), Ироқ (4:1) ва Саудия Арабистонини (3:1) мағлуб этди. Ироқликлар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Барча ўйинлари 24 апрель куни бўлиб ўтадиган чорак финалда Ўзбекистон терма жамоаси Вьетнам билан тўқнаш келади.

Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари С гуруҳидан жой олди. Ушбу тўртликдан Жанубий Корея термаси ҳамда амалдаги қитъа чемпиони Япония терма жамоаси жой олган. Биринчи турда Қирғизистон сенсацион тарзда Японияни мағлуб этди (3:2), Тожикистон эса Жанубий Кореядан (2:0) кучли бўлди. Иккинчи турда Қирғизистон ва Тожикистон термалари дуранг ўйнаган бўлса (2:2), Япония Жанубий Кореяни мағлуб этди (5:0). Сўнгги турда Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам мос равишда Жанубий Корея (5:5) ва Япония (1:1) билан дуранг натижани сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Шу тариқа, Тожикистон терма жамоаси гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, чорак финалда Афғонистон билан, иккинчи ўринни эгаллаган Қирғизистон эса Осиёнинг энг номдор жамоаси – Эрон билан тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилдан буён илк бор постсовет ҳудудидан учта жамоа Осиё Кубогининг плей-офф босқичига йўлланма олди.

17-28 апрель кунлари Таиландда футзал бўйича Осиё кубоги бўлиб ўтади. Мусобақада 16 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа плей-офф босқичига йўл олади. Ярим финалчилар 2024 йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ