Қозоғистонда тўғонларни таъмирлаш учун ажратилган 2 миллион доллардан ортиқ маблағ ўғирланган

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда гидротехника иншоотларини таъмирлаш учун ажратилган маблағларни ўғирлаш билан боғлиқ тўртта ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради Республика Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати.

Ишлар Олмаота, Ақтўбе ва Қизилўрда вилоятларида, шунингдек, Улитау вилоятида қўзғатилган.

Дастлабки зарар миқдори 1 миллиард тенгедан (2,2 миллион доллар) ошган. Беш киши гумонланувчи сифатида аниқланган; терговнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.

Ҳозирда Молиявий мониторинг агентлиги гидротехник иншоотларни қуриш учун мўлжалланган маблағларнинг сарфланишини текширмоқда. Ушбу буйруқни бошқарма бошлиғи Дмитрий Малахов берган.

«Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаган ҳолда тўғонлар, дренаж иншоотлари қуриш, дарёлар ўзанларини чуқурлаштириш учун ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланилаётганини ўрганиши зарур», — деган у.

Агентлик бошлиғи озиқ-овқат, биринчи навбатдаги эҳтиёжлар ва қурилиш материаллари нархининг ошишига йўл қўймаслик, шунингдек, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини, у ҳақиқатда жабрланган барча фуқароларга етиб боришини таъминлашни талаб қилди.

Бугунга қадар Президент Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига кўра ҳукумат, квази-давлат компаниялари, тадбиркорлар ва жамоат фондлари томонидан ушбу мақсадлар учун 140 миллиард тенгедан (314 миллион доллар) ортиқ маблағ ажратилган.

Март ойининг охирида Қозоғистонда кенг кўламли баҳорги сув тошқинлари бошланди. Бир қатор ҳудудларда ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, 24,5 минг киши ўз уйларига қайтган, яна 8,8 минг киши эвакуация марказларида қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ