Қозоғистонга Тожикистондан гуманитар ёрдам етиб келди

www.gov.kz сайти фотосурати

Ақтўбега (Қозоғистон шимоли-ғарбидаги шаҳар, Ақтўбе вилояти маъмурий маркази) Тожикистондан инсонпарварлик ёрдами етиб келди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қўшни давлат турли қурилиш материалларидан иборат бир неча вагон жўнатган, дейилади хабарда.

Умумий ҳисобда Тожикистон ҳукумати Қозоғистоннинг тўққизта вилоятига 50 вагон гуманитар ёрдам жўнатган. Юкнинг умумий оғирлиги 2518 тоннани ташкил этади.

Ақтўбе вилоятига 27360 литр сув, 5 минг 400 дона асбест-цемент шифер, 60 тонна мих, 70 тонна ёғоч, 240 тонна цементдан иборат 9 та вагон жўнатилган.

Ҳарбий хизматчилар гуманитар ёрдамни қабул қилиш ва туширишга жалб қилинган, дея қўшимча қилади ҳокимлик.

Аввалроқ Қирғизистон селдан жабр кўрган қозоғистонликларга 300 тонна инсонпарварлик ёрдами билан 15 юк машинаси жўнатгани хабар қилинганди. Бунга сув, гуруч, гречка, печенье, конфет, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, чодирлар, лампочкалар, иситгичлар, кўрпа-тўшаклар, матраслар ва кийим-кечаклар киради. 13 апрель куни ёрдамнинг иккинчи партияси – 144 тонна юк жўнатилган.

Бундан ташқари, 22 апрель куни Ўзбекистондан Қарағандага инсонпарварлик ёрдами етиб келди, деб ёзади «24KZ». Қўшни республикадан ташриф буюрган расмий делегация озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар, жумладан, 800 га яқин пуфлама қайиқларни етказиб берган. Ҳаммаси бўлиб 15 та оғирюк автомобили етиб келган.

Қозоғистонда сўнгги 80 йил ичидаги энг йирик сув тошқини содир бўлмоқда. Айни дамда қутқарувчилар Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида сув тошқинларига қарши курашни давом эттиришмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 24 апрель куни эрталаб 31 112 қозоғистонлик ўз уйларига қайтган. 8566 киши эвакуация марказларида қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ