ОАВ: Юзлаб тожикистонликлар уч кундан бери Қозоғистоннинг Россия билан чегарасини кесиб ўтолмаяпти

Қозоғистон-Россия чегарасидаги тожикистонликлар. bomdodrus.com сайти фотосурати

Икки юздан ортиқ Тожикистон фуқароси Қозоғистон-Россия чегарасининг Оренбург участкасидаги «Сагарчин» автомобиль назорат-ўтказиш пунктидаги нейтрал зонада қолиб кетган. Бу ҳақда чегарада қолиб кетган тожикистонликлар томонидан олинган видеоёзувга таяниб, «Бомдод» ахборот портали хабар беради.

Видео муаллифига кўра, 180 та машинада юзлаб тожикистонликлар 22 апрелдан бошлаб, тахминан уч кун давомида нейтрал зонада қолиб кетишган.

Нега улар Россия ҳудудига киритилмаяпти, деган саволга чегарачилар «тизим ишламаётгани»ни важ қилишган, шунинг учун тожикистонликлардан нейтрал зонани тарк этиб, Қозоғистон томонга юришларини сўрашган, қозоғистонлик чегарачилар эса нега тожикистонликлар Россияга киритилмаётгани ҳақида далолатнома талаб қилишмоқда.

«Россия чегарачилари уч кун ичида Тожикистон фуқароларидан иборат бор-йўғи 12 та машинани ўтказишган. 14 дан кам ва 59 ёшдан ошган шахсларга ўтиш мумкин. Бошқа давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон фуқаролари муаммосиз чегарани кесиб ўтишяпти», — дейди муаллиф.

Унинг қайд этишича, одамлар чегарадаги дўконлардан озиқ-овқат ва сув сотиб олиш ёки ҳожатхонадан фойдаланиш имконига эга эмас.

Қизиғи шундаки, «Бомдод» ўз матнида видео муаллифининг сўзларини бироз бузиб кўрсатган. Нашрнинг ёзишича, россиялик чегарачилар, муаллиф айтганидек, нафақат тожикистонлик фуқароларини ўтказишмаяпти, балки «янги кўрсатмаларга кўра, уларни пухта текширмасдан туриб ўтказишмаяпти», бу ҳақда эса видео ҳеч қандай гап йўқ. Таҳририят муаллиф билан қўшимча равишда боғланган бўлиши мумкин, аммо бу матнда кўрсатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, бу Қозоғистон ва Россия чегарасида хорижликларнинг тўсиб қўйилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2020 йили COVID-19 пандемияси туфайли карантин жорий этилгани сабабли чегара зонасида 1000 дан ортиқ одам қамалиб қолганди.

Тожикистон фуқаролари учун Россиянинг Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан чегараларидаги бошқа назорат-ўтказиш пунктларида, шунингдек, аэропортларда ҳам бундай текширувлар жорий қилинганми ёки йўқ, бу номаълум. РФ ва Тожикистон расмийлари ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган. «Бомдод» бу муаммони Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда Тожикистон фуқаролари айбланаётгани билан боғлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ