Расмий Душанбе Москва аэропортларида мингдан ортиқ Тожикистон фуқаролари ушланиб қолганини маълум қилди

ТОЖИКИСТОН ТИВ БИНОСИ. MFA.TJ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Мингдан ортиқ Тожикистон фуқароси Москва аэропортларида ушланиб қолган. 27 апрель оқшоми ҳолатига кўра, биргина Внуковода 954 нафар Тожикистон фуқароси бўлган, яна бир неча ўнлаб фуқаролар Жуковский, Домодедово ва Шереметьево аэропортларида вазият ечим топишини кутаётган бўлишган. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

Тожикистонликлар «тегишли санитария шароитлари ва етарли миқдорда иссиқ овқат билан таъминланмаган ҳолда» вақтинчалик сақлаш зонасида қолиб кетишган. Тожикистон дипломатлари тожик диаспораси вакиллари билан биргаликда ўз ватандошлари учун Внуково аэропортига озиқ-овқат етказиб беришни ташкил қилган.

ТИВ таъкидлашича, ушланиб қолган фуқаролар орасида Россия ҳукумати томонидан берилган таълим квоталари ҳисобидан Россия университетларида таҳсил олаётган талабалар ҳам бор.

Кўп соатлик кутишдан сўнг Внуково аэропортидан 322 нафар Тожикистон фуқароси Россия ҳудудига киритилган. Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлигида мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Россия расмийлари 306 кишини «мамлакатда чиқариб юборилаётган» шахслар рўйхатига қўшиш ниятида. 27 киши аллақачон дабарға қилинган.

«Бундай чеклов чоралари фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда», — дея таъкидлайди ТИВ.

Вазирлик Тожикистон фуқароларига ўта зарурат бўлмаса, Россия ҳудудига барча турдаги транспортларда боришдан вақтинча тийилишни тавсия қилади.

27 апрель куни РФ Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова РФ чет эл фуқароларининг давлат чегарасини кесиб ўтишидаги паспорт назоратининг кучайтирилганини изоҳлар экан, «бундай қадамлар вақтинчалик экани ва мамлакатга кириб келаётган шахслар фуқаролигидан қатъи назар» амалга оширилаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, хорижликларни синчиклаб текшириш 22 март куни «Крокус Сити Холл»да юз берган теракт муносабати билан мамлакатда терроризмнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг кучайтирилгани билан боғлиқ.

«Шу муносабат билан давлат чегарасидан ўтиш пунктларида, жумладан, бир қатор аэропортларда паспорт назорати вақтида кечикишлар кузатилмоқда. Россия томони мавжуд вазиятни имкон қадар тезроқ ҳал қилиш учун кенг қамровли чоралар кўрмоқда. Вазиятни тушунишингизга умид қиламиз», — дейди Захарова.

Қозоғистон-Россия чегарасининг Оренбург участкасидаги «Сагарчин» автоўтказиш пунктида икки юздан ортиқ Тожикистон фуқароси нейтрал зонада қолиб кетгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Захарова ушланиб қолганлар сони кўпиртирилганини айтади.

«Айни пайтда уларнинг умумий сони ўттиз кишидан ошмайди. Чегарани кесиб ўтишда бизнинг чегара хизмати аввало болалар, аёллар ва қарияларга эътибор беради», — деди Россия ТИВ вакили.

Бундан аввал, 26 апрель куни Россия элчиси Семён Григорьев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинган ва у элчига тожик фуқароларининг РФга киришини рад этувчи асоссиз чоралар қўлланилаётгани юзасидан хавотир билдирилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • Тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари фотосуратларда

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар