Анқарадаги терактда беш киши ҳалок бўлди, яна 22 киши яраланди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Али Ерликая маълум қилди, деб ёзади CNNturk.com.
Террорчилар икки киши — эркак ва аёл бўлган, улар таксида Туркиянинг ТУСАŞ аэрокосмик компанияси ҳудудига келишган, ҳайдовчини ўлдиришган. Машинадан тушиб, портлатишни бошлашган ва йўлида учраган одамларни ўққа тутишган. Террорчилар ва қўриқчилар ўртасида отишма бошланган. Хавфсизлик хонасига кирган террорчи аёл граната билан ўзини портлатиб юборган. Иккинчи террорчи мажмуага кирган, у ерда содир бўлган қисқа отишма вақтида ўлдирилган.
«Ҳужум усулини кўриб, видео тасвирларни таҳлил қилиб, террорчилар КИП аъзолари бўлиши мумкин деган хулосага келдик», — деди Али Ерликая. КИП – Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқида тақиқланган ва террорчи сифатида тан олинган «Курдистон ишчилар партиясидир».
Хавфсизлик бўйича эксперт, Турк Демократик партияси (DP) раҳбарияти аъзоси Мустафо Бегуржунинг сўзларига кўра, ҳужумдан олдин террорчилар объектни ўрганиб чиқишган, кириш ва чиқиш йўллари қаерда жойлашганини аниқлашган.
«Улар шок ва ваҳима ичида қолган ходимлар билан бирга бинога кириб, нишон танламай, кираверишда ўқ отишни бошлашган. Бир жангарида калта суянчиқли узун стволли қурол, иккинчисида узун суянчиқли узун стволли қурол бўлган. Афтидан, улар дастлаб хавфсизлик ходимларини, сўнгра корхона ходимларини ўлдирган ва яралаган, шунинг учун ҳа, бу одатий терактдир», — деди Бегуржу РИА Новостига берган шарҳида.
👉 Анқаранинг Қаҳраманқозон туманида 23 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида теракт содир бўлди. Воқеа жойига зудлик билан хавфсизлик кучлари, ўт ўчириш бригадалари ва тиббиёт гуруҳлари жўнатилган. Радио ва Телевидение Олий Кенгаши (RTÜK) «террор ташвиқотини» олдини олиш учун ҳужумни оммавий ахборот воситаларида ёритишга чекловлар киритди. Террорчиларнинг шахси аниқланмоқда.