Жанубий Корея Тожикистонга қуёш электр станцияларини қуришда ёрдам беради

Битимни имзолаш маросими. mewr.tj сайти фотосурати

Жанубий Корея Тожикистонга Сўғд вилояти ва Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) қуёш электр станцияларини қуришда ёрдам беради. «Қуёш электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини қуриш тўғрисида»ги битим имзолангани ҳақида Тожикистон Энергетика вазирлиги расмий сайтида хабар берилган.

Битим Тожикистон Энергетика вазири Далер Жума ва Корея технологияларни ривожлантириш институти саноат технологиялари департаменти бош директори Лим Бён Хёк ўртасида бўлиб ўтган учрашувда имзоланган.

Лойиҳа умумий қуввати 6 МВт бўлган қуёш электр станцияларини қуриш ва 1 МВт қувватга эга энергия сақлаш мосламаларини ўрнатишни ўз ичига олади. Суғд вилояти ва ТБАВ ҳудудида қуввати 3 МВт бўлган 0,5 МВт/соат сақлаш қувватига эга станцияларни барпо этиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус барқарор электр энергияси манбаларидан фойдаланиш муҳим бўлган чекка ҳудудларда электр таъминотини яхшилашга қаратилган. Замонавий қуёш технологияларини жорий этиш нафақат аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, балки экологик тоза энергетикани ривожлантиришга ҳам хизмат қилиши керак.

Корея технологияларни ривожлантириш институти билан ҳамкорлик энергетика соҳасига инновацион ечимларни жорий этиш учун янги имкониятлар очади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакат энергетика инфратузилмасини барқарор ривожлантириш, қазилма бойликларга қарамликни камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш йўлидаги муҳим қадам бўлади, деб таъкидлайди Энергетика вазирлиги.

«Азия-Плюс»нинг аниқлик киритишича, Тожикистон ва Жанубий Кореянинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги 2023 йили Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўртасида имзоланган грант шартномасини ўз ичига олади. Ҳужжатга кўра, Жанубий Корея ҳукумати 2023-2026 йиллари амалга ошириладиган электр таъминоти лойиҳасининг иккинчи босқичи учун KOICA орқали 14 миллион доллар грант маблағлари ажратди.

Тожикистонда, айниқса, куз-қиш мавсумида электр энергиясини етказиб беришда мунтазам равишда узилишлар кузатилади. Роғун ГЭСи ишга туширилгунга қадар кўп йиллар давомида истеъмолчилар учун лимит чекловлари мавжуд бўлган. Барибир муаммо ҳал этилмаган. Энергетика вазирлиги узилишларни мамлакатдаги электр энергиясининг 90 фоизи гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилиши ва ишлаб чиқариш ҳажми совуқ ҳавода камайиб бораётган дарё суви оқими билан чамбарчас боғлиқлиги билан изоҳлайди. Фуқаролар тақчиллик сунъий, Энергетика вазирлиги қўшни давлатларга электр энергиясини сотади, деб ҳисоблайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди