Икки йил ичида Тожикистон йўлларида 550 метр қор кўчкисига қарши йўлаклар қурилади

Туннел. khovar.tj сайти фотосурати

Яқин икки йил ичида Тожикистонда 150 километргача йўл, иккита кўприк ва 550 метр қор кўчкисига қарши йўлакларини фойдаланишга топшириш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда республика президенти Эмомали Раҳмоннинг мурожаатида сўз юритилган, деб ёзади «Ховар» нашри.

Ҳужжатга кўра, 2025-2026 йиллари Данғара – Гулистон (50 км), Гулистон – Фархор (33 км) автомобиль йўлларини қуриш ва фойдаланишга топшириш, Суғд вилоятида 52 км республика ва халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Барсема туманида 550 метр қор қўчкисига қарши йўлакларни барпо этиш, шунингдек, Шорф дарёси (82 метр) ва Гунд дарёси (200 метр) устидаги кўприклар қуриш режалаштирилган.

Транспорт, молия, иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирликлари, Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, бошқа вазирлик ва идоралар, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, Сўғд ва Хатлон вилоятлари ҳокимияти ижроия органларига тегишли топшириқлар берилган.

Айни пайтда 50 километр узунликдаги «Данғара-Гулистон» ва 33 километр узунликдаги «Гулистон-Фархор» автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган.

Аввалроқ, 2024 йили Тожикистонда давлат инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 4,6 миллиард сомоний (422 миллион доллар) бўлган 155 километр халқаро ва миллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари, 20 та кўприк ва учта туннел қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.

Хусусан, «Роғун – Обигарм – Нуробод» (76 км) ва «Бохтар – Левакант – Лолазор – Данғара» (69 км) автомобиль йўллари қурилди.

Тожикистонни транзит мамлакатга айлантириш ва унинг транзит имкониятларидан фойдаланиш республика тараққиётининг асосий мақсадларидан бири сифатида қабул қилинган.

Тожикистонда логистика масаласи жуда кескин. Тоғ тизмалари туфайли мамлакатнинг энг йирик шаҳарлари – Хўжанд ва Душанбе ўртасида қатнов мураккаб. Айниқса, баҳор ва кузда қор кўчкилари хавфи мавжуд. Тоғли Бадахшоннинг аксарият қисми рсепубликанинг аоссий ҳудудларидан узилиб қолган. Доимий равишда қор кўчкиси мавсумида мамлакатнинг кўплаб асосий магистралларида транспорт қатнови тўхтаб қолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ