Тожикистон ва Ўзбекистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ниятида. Ушбу келишувга 17 февраль куни Душанбеда Бош вазирлар Коҳир Расулзода (Тожикистон) ва Абдулла Арипов (Ўзбекистон) иштирокида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 13-йиғилишида эришилди, деб хабар беради «Ховар».
Учрашув давомида томонлар савдо ва инвестициялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, божхона, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди. Саноат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш қўшма фаолиятнинг устувор йўналиши бўлиб қолаётгани таъкидланди. Учрашув якунида ҳукуматлараро комиссиянинг қўшма фаолияти тўғрисидаги протокол имзоланди.
Тожикистон томонининг маълумотларига кўра, 2025 йили мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 718,3 миллион долларни ташкил этган, бу 2024 йилга нисбатан 22,5 фоизга кўпдир.
Шу куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Тожикистон раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда стратегик шериклик ва иттифоқчилик ҳамкорлигига асосланган Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шуни таъкидлаш лозим, савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш режалари биринчи марта 2024 йил баҳорида президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи давомида Душанбеда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция ва бизнес форумида маълум қилинганди. Ўшанда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо сўнгги саккиз йил ичида уч бараварга ошганлиги, 2023 йили 750 миллион долларга етгани ва 2024 йил бошидан бери яна 40 фоизга ошгани таъкидланган эди.



