Қирғизистон президенти Садир Жапаров савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун патент тизимини қайтадан жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бундан ташқари, назорат касса аппарати (НКА) га эгалик қилиш мажбурий бўлмайди. Бу ҳақда 24.kg нашрига Республика Солиқ хизмати раиси Алмамбет Шикмаматов маълум қилган.
Гап Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, солиқ ставкалари ва солиқ маъмуриятчилигини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳақида бормоқда. Фискал департаменти раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳужжат тизимни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, бу жараён бизнес учун имкон қадар содда ва қулай бўлади.
Шикмаматов сўзларига кўра, патент нархи савдо майдончаси ёки йил давомида кутилаётган даромадга қараб белгиланади. Бугунги кунда мамлакатда ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда иккита бозор ишламоқда: Бишкекдаги «Дордой» ва Ўш вилоятидаги «Тўратали бозори».
«Айтиш мумкинки, ҳукумат тадбиркорларни эшитди ва уларга назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишни бекор қилган ҳолда пешвоз чиқди. Бу тўғри, чунки вазифамиз бизнесни бўғиб қўйиш эмас, балки унинг ривожланиш траекториясини белгилашдир», — деди мулозим.
Бошқа янгиликлар қаторида товарлар учун ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, товарга бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида даромад солиғи солинишига оид санкция бекор қилинди.
Бундан ташқари, 0,5 фоизлик ягона солиқ ставкаси бўйича савдо фаолияти учун белгиланган чегара 30 миллион сомдан 50 миллион сомга оширилди. Шикмаматов тушунтиришича, бу давлат ва бизнес манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун қилинган, чунки тизим ҳар икки томон учун ҳам адолатли бўлиши керак.
Солиқ хизмати раҳбари 0,1 фоиз ставкадаги ягона солиқ ўзини оқламаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 25 мингдан ортиқ киши савдо қиладиган олтита Бишкек бозори ўтган йили ушбу усулдан фойдаланганда ғазнани 5 миллион сомдан сал кўпроқ тўлдирган. Гап шундаки, тадбиркорлар назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишдан қочган, даромади 100 миллион сомдан ошганида эса, гувоҳномаларни бошқа шахсларга қайта расмийлаштириш билан кифояланган.
Фискал департаментнинг ҳисоб-китобларига кўра, пойтахтдаги худди шу олтита савдо майдончасидан патент асосидаги қатъий белгиланган солиқ тушумни 1 миллиард сомгача ошириши мумкин.
Расмийнинг аниқлик киритишича, ягона ставкаларнинг бекор қилиниши бизнесни соядан олиб чиқишга ёрдам беради. Худди шу мақсадда аноним шахсларга товарларни сотиш учун солиқ ставкаси 4 фоиздан 2 фоизга туширилди.
Фискал хизмат раҳбари заргарлик саноати билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида гапирди. Шундай қилиб, ушбу соҳада ишлаётган тадбиркорлар учун ставка 0,25% этиб белгиланган.
«Солиқ тизимини ислоҳ қилиш фалсафаси хуфиёна иқтисодиётга қарши кўп қиррали курашни, республикада қулай бизнес ва сармоявий муҳитни яратишни назарда тутади. Мукаммал солиқ тизимлари мавжуд эмас, лекин биз Қирғизистонда бизнес юритиш осон бўлишини, қоидалар содда ва тушунарли бўлишини истаймиз», — дея хулоса қилади Шикмаматов.
ℹ️ Қирғизистон ҳукумати бир неча йиллардан бери бозор савдогарларини назорат-касса аппаратлари, электрон жўнатма ва электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишга чақириб келади. Тадбиркорлар янги қоидаларга салбий муносабатда бўлишган ва бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланганди.
Бироқ, 2024 йил 1 июлдан бошлаб савдо патентларидан фойдаланиш тўхтатилди. Тадбиркорларга солиққа тортишнинг бошқа вариантлари таклиф қилинди, уларнинг аксарияти назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишни талаб қиларди. Бундан ташқари, ўша пайтда ҳукумат янги тизим тадбиркорлик субъектларини қонунийлаштиришни рағбатлантириши ва фискал тўловларни йиғиш ҳажмини оширишга ҳисса қўшишини таъкидлаган эди.