Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жазо кучайтирилди

islamnews.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жазо кучайтирилди. Агар илгари Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган энг юқори жазо муддати 12 йил бўлган бўлса, эндиликда бу муддат 15 йил бўлади. 19 майдаги қонун билан Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси («Одам савдоси»)га ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган жиноят учун жазони назарда тутувчи бандида. Агар илгари бундай қилмишларда айбдор деб топилганлар 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилган бўлса, энди улар 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бундан ташқари, одам савдоси билан боғлиқ жиноят қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйиш, яшириш ёки йўқ қилиш йўли билан содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Илгари Жиноят кодексининг 135-моддасининг тегишли бандларига кўра, кўпи билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш мумкин эди.

ℹ️ Ўзбекистонда кўпинча ўз фарзандини сотишга қарор қилган ота-оналар одам савдо моддаси бўйича судланади. Асосан янги туғилган чақалоқлар ёки мактаб ёшидаги болалар жабрланадилар. Бола учун сўралаётган миқдорлар ҳам ҳар хил: баъзилари учун 600 доллар етарли, бошқалари эса 18 000 долларни талаб қилади.

2020 йили Республика Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбоева кўп ҳолларда чақалоқларнинг сотилишига оиладаги оғир шароит, молиявий муаммолар, айбини яшириш истаги, шунингдек, тушган маблағга уй-жой сотиб олиш нияти сабаб бўлаётганини таъкидлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ