Афғон дипломати Термиз мулоқотини ташкил этгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди

yuz.uz сайти фотосурати

Афғонистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Наим Ўзбекистон ҳукуматига Термиз мулоқотини ташкил этгани ва ўтказгани учун миннатдорлик билдириб, минтақавий ҳамкорлик Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун ҳаётий муҳим эканини таъкидлади. Дипломатнинг сўзлари Ariananews ахборот агентлиги томонидан келтирилган.

Тадбирда сўзга чиққан Афғонистон ТИВ раҳбари ўринбосари унинг мамлакати Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида табиий кўприк бўлиб хизмат қилишини ва халқаро жараёнларда конструктив роль ўйнашга тайёр эканини маълум қилди. Наим Афғонистоннинг минтақада тинчлик, ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш тарафдори эканини таъкидлади.

Дипломатик маҳкама вакили Ўзбекистонга тўхталиб, республикани «яқин қўшни ва стратегик шерик» деб атади. Афғоннинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада кенгайган. Масалан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги логистика ва иқтисодий алоқалар учун катта аҳамиятга эга бўлган Трансафғон темир йўл линиясини қуриш бўйича қўшма лойиҳани кўриш мумкин. Шунингдек, энергетика инфратузилмаси – Сурхондарёдан Пули-Хумригача 500 киловольтлик электр узатиш линиялари қурилиши ҳақида ҳам сўз юритилди. Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда, бу ерда умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланган.

Наим Афғонистоннинг транспорт, энергетика, савдо, таълим, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш соҳаларида минтақавий ташаббусларда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Дипломат ўз нутқининг якуний қисмида фикр алмашиш, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун майдон бўлган Термиз мулоқотининг аҳамиятини юқори баҳолади.

Тадбирда кўплаб иштирокчилар минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг улкан салоҳияти ҳақида сўз юритдилар. Хусусан, бу ҳақда Афғонистон «Ғазанфар банки» директори Хонулла Юсуфзай маълум қилди.

«Марказий Осиё иқтисодиёти 500 миллиард долларга баҳоланмоқда, Жанубий Осиё эса 3 триллион доллардан ортиқ иқтисодий қудратга эга. Мазкур икки минтақанинг бирлашиши бизнес кўламини кенгайтириш, савдони ривожлантириш ва уни молиявий ечимлар ёрдамида соддалаштириш имконини беради», — деди банкир.

ℹ️ Термиз мулоқоти 19-21 май кунлари бўлиб ўтади. Тадбирнинг мавзуси «Тинчлик, дўстлик ва фаровонлик умумий маконини барпо этиш». Ташкилотчиларга кўра, Ўзбекистон жанубида Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, АҚШ, Яқин Шарқ давлатларидан сиёсий, иқтисодий ва ишбилармон доираларнинг 200 га яқин вакиллари, шунингдек, молия институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари йиғилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ