Мелони ва Мирзиёев «Ўзбекистон ва Италия: цивилизациялар мулоқоти» кўргазмасига ташриф буюрди

Фирдавс Абдухолиқов Шавкат Мирзиёев ва Жоржа Мелонига китоб-альбомни тақдим этмоқда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони Самарқанддаги Конгресслар маркази биносида ташкил этилган «Ўзбекистон ва Италия: цивилизациялар мулоқоти» кўргазмасини бориб кўрди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Меҳмонларга Афросиёбнинг «Самарқанд ҳукмдори томонидан элчиларни қабул қилиш маросими» номли деворий суратнинг машҳур италиялик уста Мауро Пеллицонни томонидан Флоренция мозаикаси услубида ишланган ноёб нусхаси намойиш этилди. Шунингдек, етакчилар турли тарихий ёдгорликлар, график тасвирлар, қўлёзма ва миниатюралар, нодир адабий нашрлар, ҳайкаллар, архив суратлари ва ҳужжатлари билан танишдилар.

Меҳмонлар учун экскурсияни Ислом цивилизацияси маркази раҳбари, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов олиб борди.

Ноёб экспозиция икки мамлакат ўртасидаги чуқур тарихий, илмий ва маданий алоқаларга бағишланган. У «Рим ва Кушон империяларининг савдо муносабатлари», «Биринчи Уйғониш даври», «Марко Поло», «Амир Темур», «Мирзо Улуғбек» ва «Заҳириддин Муҳаммад Бобур», «XIX асрда Ўзбекистондаги италияликлар», «Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликларнинг Италияни озод қилишга қўшган ҳиссаси», «Ўзбекистон ва Италия: маданий меросни асраш» каби 9 та мавзули бўлимдан ташкил топган.

ℹ️ Ўзбекистон ва Италия маданият соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йили Тошкентда «Маданий мерос Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўприкдир» медиа тадбири, шунингдек, WOSCU нинг «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида «Ўзбекистон маданий мероси Италия коллекцияларида» янги китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтганди. Тадбирда Италиянинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Агостино Пинна иштирок этиб, икки давлат расмийлари юқори даражада ҳамкорлик қилаётгани – давлат раҳбарлари мунтазам ташрифлар билан алмашаётганига эътибор қаратганди.

«Ушбу ташрифлар икки давлат ўртасидаги ўзаро шерикликнинг янги саҳифаларини очади. Бу тарихий, маданий, иқтисодий ва ўзаро сиёсий муносабатлар учун муҳим қадамдир. Ўзбекистон жуда бой маданий меросга эга. Италияда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид кўплаб объектлар доимо бизни ҳайратда қолдиради», — деганди дипломат.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси таҳририяти раиси Акмал Саидов маданий-гуманитар алоқалар Марказий Осиё давлати ва Европа давлати ўртасидаги муносабатларнинг энг муҳим қисми эканини таъкидлаганди.

«Италия Европада Уйғониш даврининг ватани бўлган, Ўзбекистон, Маворауннаҳр эса Шарқ Ренессансининг биринчи ва иккинчи босқичлари ватани ҳисобланади. Буюк Гегелнинг «Уйғониш Шарқдан бошланади» деган ибораси бор. <...> Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган китобларни Шарқ Ренессансининг биринчи ва иккинчи босқичларига оид маданий меросимизни замонавий ўқувчига етказувчи ноёб илмий асар сифатида баҳолаш мумкин. «Ўзбекистон маданий мероси Италия тўпламларида» китоб-альбомини нашр этишда Ўзбекистон маданий меросига бефарқ бўлмаган 20 дан ортиқ олимлар иштирок этди», — деганди Саидов.

ℹ️ Ўтган йили кузда Ватикан Апостол кутубхонаси префекти (Бош директори) Мауро Мантовани Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан яқин ҳамкорликни ёқлаб чиққанди ва жамият шарқшуносларини дунёдаги ноёб кутубхона архивини ўрганишга жалб этиш имкониятларини кўриб чиқаётганини айтганди. WOSCU аъзоси ва Италиянинг Sandro Teti Editore нашриёти президенти Сандро Тети Ватикан Апостол кутубхонаси префекти Мауро Мантовани билан учрашганди. У WOSCU раҳбарияти номидан Мантованига «Камолиддин Беҳзод: Манини уялтирган зод» китоб-альбомини совға қилганди ва «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси фаолияти ҳақида гапириб берганди. Ўз навбатида, Мантовани яқин келажакда шартнома тузиш ниятида эканини маълум қилганди, унга кўра Бутунжаҳон жамиятининг профессионал шарқшуносларидан бири кутубхонанинг қадимий қўлёзмалар сақланадиган махсус бўлими билан танишиши мумкин бўлади.

ℹ️ Жорий йил февраль ойида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) музейида Италия музей ва хусусий коллекцияларидаги ноёб асарлар намойиш этилишига оид хабар пайдо бўлди. Кўргазма Марказ мажмуасининг очилишига бағишланади. Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ИЦМ делегациясининг Италияга ташрифи чоғида мазкур лойиҳани амалга ошириш борасида италиялик ҳамкасблар билан келишувга эришилган.

«Биз италиялик ҳамкасбларимиз ва дўстларимизнинг муҳим тадбирда иштирок этишларидан жуда миннатдормиз. Агар ҳозиргача китоб-альбом форматида Ўзбекистон маданий мероси тўғрисида маълумотларни чоп этган бўлсак, эндиликда мамлакат президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва чет эллик ҳамкасбларимиз кўмагида мазкур маданий мерос наъмуналарини Ислом цивилизация марказида ўз кўзимиз билан кўриш имконига эга бўламиз. Ишончим комилки, экспозициянинг италян қисми мамлакатимиз маданий меросини азиз деб билган ҳар бир кишининг эътиборини тортади», – деганди Абдухолиқов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ