Тожикистон ёшлар терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) U-17 кубоги финалида ўзбекистонлик тенгдошларини 4:3 ҳисобида мағлуб этиб, тарихда иккинчи бор кубок соҳибига айланди.
Турнирнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистон ва Тожикистон терма жамоалари ҳар икки учрашувда ҳам ғалаба қозонди. Ўзбекистонликлар Қирғизистон (5:1) ва Эронни (4:2) мағлуб этишди. Тожиклар Туркманистон (4:1) ва Афғонистондан (3:0) кучлироқ чиқди.
Мусобақа регламентига кўра, ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаган жамоалар финалда тўқнаш келишди. Ҳал қилувчи баҳс ниҳоятда қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлди. Ўзбекистонликлар 2:0 ҳисобида олдинда бўлган бўлса-да, тожикистонлик футболчилар биринчи бўлим охирида аввалига битта гол уришган бўлса, сўнг ўйинга қўшиб берилган вақтда ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча таймларда Ўзбекистон терма жамоаси яна жуда тез рақиб дарвозасини ишғол қилишди, бироқ орадан беш дақиқа ўтиб рақиблар ҳисобни тенглаштиришди ва финал ҳуштаги чалинишига бир дақиқа қолганда ғалаба голини рақиблар дарвозасига йўллади.
Тожикистон терма жамоаси учун бу турнирдаги иккинчи ғалаба бўлди. Тожикистонлик футболчилар илк бор 2023 йили CAFA U-17 мусобақасида ғалаба қозонишганди.
Учинчи ўрин учун баҳсда Туркманистон терма жамоаси Қирғизистонни пенальтилар сериясида мағлуб этди. Учрашувнинг асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланди. 5-ўрин учун баҳсда Эрон Афғонистондан кучлироқ бўлди (3:1).
4 та гол билан мусобақанинг энг яхши тўпурари эронлик Аббос Рафи бўлди. Энг қиммат футболчи тожикистонлик Мухрубон Одилзода, энг яхши дарвозабон Тожикистоннинг яна бир вакили Абубакр Раҳмонқулов бўлди.
24-31 май кунлари Тошкент вилоятида CAFA U-17 III-чи Кубок мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақада CAFA га аъзо мамлакатлардан олтита жамоа иштирок этди. Ўтган йили Афғонистон ушбу турнирда ғолиб чиққан эди.