Қозоғистон Миллий банки (ҚМБ) криптотўлов карталари лойиҳасини ва рақамли активлар соҳасида бир нечта пилот дастурларни ишга туширди, деб хабар беради регулятор сайтида.
Гап «Астана» халқаро молия марказининг (АХММ) рақамли активлар хизматлари (криптобиржалари) лицензияланган провайдерларида истеъмолчиларга ҳамёнлар билан боғланган нақд пулсиз операцияларни амалга ошириш имконини берувчи тўлов карталарини жорий этиш ҳақида кетмоқда.
«Мазкур қарор рақамли активлар айланмасини мавжуд тўлов инфратузилмасига хавфсиз ва қулай интеграция қилиш имконини беради», — дея таъкидлайди миллий банк.
Унда крипто-карта механизми мижознинг рақамли активларини АХММ крипто бозорида сотишни, уларнинг қийматини крипто-картага бир зумда ўтказишни таъминлаши, бу аслида банк ҳисоб рақамига боғланган стандарт тўлов картаси экани тушунтирилади. Яъни, криптовалютани сотиш учун тўлов реал пул ёрдамида бир зумда амалга оширилади.
Бундан ташқари, бозор иштирокчилари регулятор мувофиқлаштиришда жорий йили бир қатор тажриба лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Улар орасида рақамли активлар билан ҳисоб-китоб операциялари учун миллий валюта, шу жумладан рақамли тенге томонидан қўллаб-қувватланадиган стейблкоинларнинг чиқарилиши ҳам бор. Шунингдек, активлар ва кўчмас мулкни токенизация қилиш режалаштирилган.
Май ойи охирида президент Қосим-Жомарт Тўқаев криптовалюталардан товарлар, хизматлар ва бошқа мақсадларда харид қилиш учун ишлатилиши мумкин бўлган CryptoCity тажриба зонаси яратилишини эълон қилганди. Кейинроқ республика Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев Олатаудан лойиҳа учун таянч шаҳар сифатида фойдаланиш мумкинлигига аниқлик киритди.
Қозоғистонда криптовалюта операциялари энди қонуний равишда фақат «Астана» халқаро молия маркази (АХММ) таркибида фаолият юритувчи криптобиржаларда амалга оширилиши мумкин. Ҳозирда у ерда бир нечта крипто хизматлари, жумладан Binance маҳаллий бўлими ва Bybit биржаси рўйхатга олинган. Жорий йил бошида Тўқаев эксперт маълумотларига таяниб, Қозоғистон крипто-инвесторларининг атиги 5 фоизи АХММ платформасидан фойдаланаётгани, қолганлари эса «пана зона»да ишлаётганини айтди.