«Росатом» Ўзбекистонда иккита икки блокли АЭС қуради

interfax.ru сайти фотосурати

Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Ўзбекистонда атом электр станцияларини қуриш лойиҳасини қайта форматлади. Энди гап ҳар бири иккитадан қувват блоки билан жиҳозланган кичик ва катта АЭС қурилиши ҳақида бормоқда. Бу ҳақда Рф Иқтисодий ривожланиш вазирлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Ўтган йили кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бошланди, бу йил эса мамлакатлар раҳбарлари лойиҳани қайта форматлаш ва катта қувватли икки блокли ва кам қувватли икки блокли станция қуриш бўйича келишувга эришдилар», — дея тасдиқлади Россия ташкилоти.

Ахборот агентлиги хабарига кўра, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников ва Ўзбекистон Инвестиция, савдо ва саноат вазири Лазиз Қудратов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Марказий Осиё республикасида атом электр станциясини қуриш режаларига киритилган ўзгартиришлар муҳокама қилинган. Музокаралар Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди.

Икки давлат ҳукумати вакиллари атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликдан ташқари савдо алоқаларини ҳам муҳокама қилганлар. Хусусан, Решетников сўнгги беш йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,7 баробар ошиб, 10 миллиард долларга етганини таъкидлади. Бироқ расмийлар олдида 2030 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини уч баробарга ошириш вазифаси турибди. Инвестициявий ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Масалан, бугунги кунда Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ Россия компанияси фаолият юритмоқда, янги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Инвестиция платформаси яратилган.

ℹ️ Ўзбекистон ва Россия ўртасида атом энергетикаси, жумладан, биринчи Ўзбекистон АЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2017 йил декабрида имзоланган эди, қиймати 11 миллиард долларлик биринчи энергоблок 2028 йили ишга туширилиши режалаштирилган.

Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида 2024 йил 27 май куни Тошкентда «Росатом» билан кам қувватли атом электр станциясини лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича янги шартнома имзоланган эди.

Жорий йил март ойида Жиззах вилоятида кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қурилиши жараёнида биринчи бетонни қуйиш 2026 йил иккинчи чорагига мўлжаллангани ҳақида хабар берилганди.

Икки ой ўтгач, «Росатом» металлурглар Ўзбекистон АЭСи реакторининг корпус фланцини (корпусни блокнинг юқори қопқоғи билан боғловчи элемент) яратиш учун оғирлиги 205 тонна бўлган махсус легирланган пўлатдан қуйма қуйганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ