Ўзбекистон барча низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради: «Урушда ғолиб бўлмайди»

kursiv.media сайти фотосурати

Ўзбекистон барча низоларни халқаро ҳуқуқ ва дипломатик мулоқот асосида тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг (ТИВ) Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан қилган мурожаатида сўз юритилади.

ТИВ Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг кучайиши бутун минтақа барқарорлиги ва тинчлигига таҳдид солаётганини таъкидлайди. Бу жараёнлар, биринчи навбатда, оддий фуқаролар – тинч аҳоли, айниқса, болалар ва аёллар учун оғир оқибатларга олиб келади.

«Ўзбекистон Республикаси урушни муаммоларни ҳал этиш воситаси деб эмас, балки инсон ҳаёти, барқарорлик ва тараққиётга жиддий хавф солувчи ҳолат сифатида баҳолайди. Урушда ғолиб бўлмайди. Энг катта йўқотишни доим оддий инсонлар тортган ва бугун ҳам шундай бўлмоқда», — дейилади мурожаатда.

ТИВ Ўзбекистон ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб, барча давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириб келаётганини таъкидлайди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон фуқароларини тинчликпарварлик, бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини сақлашга, можароларга нисбатан диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида муносабат билдирмаслик, ҳар қандай нафрат ва зиддият тарғибига қарши туришга чақиради.

Бундан аввал Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Эронни максимал даражада вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга, вазиятни тартибга солишнинг сиёсий ва дипломатик усулларига ўтишга чақирган эди.

ℹ️ 13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрондаги ўнлаб нишонларга, жумладан, ядровий инфратузилма объектлари, ракета базалари ва ҳарбий қўмондонлик пунктларига кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. «Уйғонган шер» деб номланган операция Эроннинг ядровий қурол яратишини олдини олишга қаратилган. Зарбалар Теҳрон ва бошқа шаҳарларни ларзага келтирди, юқори мартабали ҳарбий амалдорлар яшайдиган турар-жой биноларини вайрон қилган, ядровий иншоотлар, жумладан Натанздаги ер ости марказига зарар етказган.

Бунга жавобан Эрон Исроилга юзлаб дрон ва ракеталарни учирди, уларнинг аксарияти Исроил ҳаво мудофаа тизимлари томонидан яксон қилинди. Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, ҳаво ҳудудини ёпди ва резервчиларни сафарбар қила бошлади. Ракета зарбалари алмашинуви бугунги кунгача давом этмоқда.

Марказий Осиё давлатларининг элчихоналари Исроил ва Эрондаги ватандошларини хавфсизлик чораларига риоя қилишга, сигнал берилганда зудлик билан бомба бошпаналарига яширинишга, расмий маълумотларни кузатишга, ўзи билан бирга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда дипломатик ваколатхоналарнинг алоқа маълумотларини олиб юришга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ