Ўзбекистон Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимлари томонидан республика бўйлаб 2800 та автобус бекатларида тасодифий текширув ўтказилиб, кўп ҳолларда ушбу объектларга қўйиладиган талабларга зид бўлган қоидабузарликлар аниқланган. Тадқиқот натижалари агентликнинг Телеграм-каналида тақдим этилди.
Маълум қилинишича, кенг кўламли мониторинг ўтказилишига фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги бекатларда йўловчилар учун қулайликлар йўқлиги ҳақидаги шикоятлари сабаб бўлган. Ушбу мурожаатлар асосида Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2800 та станция ҳолати ўрганилган.
Мутахассислар мамлакатда белгиланган талабларга номувофиқликларни аниқлаганлар.
Жумладан:
✔️ 286 та ҳолатда — кутиш залларининг учта томони махсус тўсиқлар билан ёпилмаганлиги сабабли йўловчилар иссиқ ва совуқ ҳаводан ҳимояланмаган;
✔️ 210 та ҳолатда — кутиш залларида савдо шохобчалари жойлаштирилган;
✔️ 387 та ҳолатда — ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар мавжуд эмас;
✔️ 412 та ҳолатда — кутиш залларида электр ёритгичлар ўрнатилмаган;
✔️ 57 та ҳолатда — ёмғир, қор ва шамолли кунларда йўловчилар учун павильон мавжуд эмас;
✔️ 156 та ҳолатда — бекат номи ёзилган кўрсаткич қўйилмаган;
✔️ 255 та ҳолатда — йўналишнинг тартиб рақами мавжуд эмас.
Ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, қўмита томонидан Транспорт вазирлиги, шунингдек, вилоятлар ҳокимликларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар юборилган.
Қўмита шунингдек, автомобиль йўлларидаги автобус бекатларига қўйиладиган умумий талабларнинг давлат стандартига кўра, совуқ ва иссиқ ҳаводан йўловчиларни ҳимоя қилиш мақсадида кутиш залларининг камида 3 та томони махсус тўсиқлар билан ёпилган бўлиши, гавжум соатларда бекатлар майдони ҳар 4 нафар йўловчига камида 1 квадрат метр бўлиши, бекатлар ногиронлар учун пандуслар билан жиҳозланган бўлиши, ҳар 10 м2 камида битта кутиш ўриндиғи бўлиши кераклигини эслатиб ўтди.
Бундан ташқари, «Автомобил транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш қоидалари»да бекатларда уларнинг номи ёзилган кўрсатгич ва жамоат транспорти йўналишлари рақамлари кўрсатилган белгилар билан жиҳозланиши шартлиги кўрсатилган.