«Крокус»даги теракт бўйича тергов якунланди, унда Украина расмийлари буюртмачи сифатида кўрсатилган

rbk.ru сайти фотосурати

Россия Тергов қўмитаси «Крокус Сити Холл» концерт залидаги теракт юзасидан жиноий иш бўйича терговни якунлади. Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренконинг сўзларига кўра, жиноят Украинанинг амалдаги расмийлари манфаатларини кўзлаб режалаштирилган ва содир этилган бўлиб, ҳужумдан мақсад Россиядаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш бўлган.

Мазкур иш доирасида 19 нафар шахс, жумладан, РФда тақиқланган «Вилоят Хуросон» террорчилик ташкилоти аъзолари ва уларнинг шериклари: Шамсиддин Фаридуни, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Фаизов, Саидакрам Рачабализода, Шахромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусейн Ҳамидов, Муҳаммад Шарипзода, Ёқубжон Юсуфзода, Назримад Лутфуллои, Жумахон Қурбонов, Хусен Медов, Жабраил Аушев, Алишер Қосимов, Умеджон и Мустаким Солиевлар, Исроил Исломов, Диловар и Аминчон Исломовлар.

Уларга Россия Жиноят кодексининг терроризм, террорчилик фаолиятига кўмаклашиш, қурол-яроғ ва портловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, шунингдек, террорчилик ҳаракатига тайёргарлик кўриш ва содир этиш билан боғлиқ қатор моддалари бўйича айблов қўйилди.

Тергов натижасида аниқланишича, «Крокус Сити Холл»даги терактга тайёргарлик бир неча ой давом этган, айбланувчиларнинг бир қисми хорижда тайёргарликдан ўтган, қурол ва портловчи моддалар эса Доғистон орқали Москва вилоятига етказилган. Терактни содир этиб, бевосита жиноятчилар – Мирзоев, Рачабализода, Фаридуни ва Фаизовлар Украинага қочишга уринган, бироқ Брянск вилоятида қўлга олинган.

Теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, 609 киши жароҳатланган. Ҳужумдан етказилган зарар 6 миллиард рублга баҳоланмоқда.

Иш судга топшириш учун прокурорга юборилган. Террор ташкилотининг икки ташкилотчиси ва тўрт нафар аъзосига нисбатан тергов давом этмоқда.

Петренконинг сўзларига кўра, иш бўйича айбланувчиларнинг баъзилари Каспийск (Доғистон) шаҳридаги кўнгилочар мажмуани ҳам портлатишни режалаштирган.

ℹ️ 2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт «Пикник» рок гуруҳи чиқиши олдидан содир бўлганди. Камуфляждаги бир неча қуролланган киши мажмуага кириб, одамларга қарата ўқ ота бошлаган. Улар концерт залига кириб, ўт қўйишган. Ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган, шундан сўнг улар ўзлари келган машинада қочиб кетишган.

Теракт иши бўйича 27 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Жумладан, тўрт нафар ҳужумчи, уларга машина сотган уч киши ва террорчиларга квартирани ижарага берган ёки уларга пул ўтказмаларини юборган одамлар. Ишда 1700 дан ортиқ жабрланувчи ва 800 гувоҳ иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ