Тожикистонда «очиқ осмон» сиёсати амалга оширилади

oxu.az сайти фотосурати

Тожикистонда «Очиқ осмон» сиёсатини амалга ошириш тўғрисидаги ҳукумат қарори кучга кирди. Демак, хорижий авиакомпаниялар маҳаллий авиаташувчилар томонидан амалга оширилаётган рейслар сонидан қатъи назар, парвозлар частотасини ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига таяниб Avesta.tj хабар берди.

Илгари бу Марказий Осиё республикасида паритетлик принципи қоидаси амал қилган. Яъни, хорижий авиаташувчилар Тожикистон компаниялари парвозлари билан баробар рейсларни амалга ошириши мумкин эди. Энди бу қоида бекор қилинди.

Бундан ташқари, ҳукумат қарори доирасида ҳаво кемаларининг тури, ташувчилар сони, тарифлар ва йўналишлар тармоғига қўйилган чекловлар ҳам бекор қилинди. Қайд этилишича, бундай прецедент мавжуд. Turkish Airlines янги қоидалардан унумли фойдаланган ва 1 августдан бошлаб Душанбе ва Истанбул ўртасидаги рейслар частотасини ҳафтасига 3 мартадан 5 мартагача оширади.

Бироқ, ўзгартиришлар барча йўналишларга ҳам тегишли бўлмайди. Ҳужжатда айтилишича, илгари Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан белгиланган 18 та йўналиш бўйича аввали жорий этилган тартиб уч йил давомида сақланиб қолади. Шундан сўнг чекловлар олиб ташланиши истисносиз барча рейсларга татбиқ этилади.

«Очиқ осмон» режими республика пойтахти, шунингдек, бошқа шаҳарлар: Хўжанд, Кўлоб ва Бохтар халқаро аэропортларига татбиқ этилади.

Фуқаро авиацияси агентлигига барча манфаатдор шахсларнинг учинчи ва тўртинчи эркинлик даражаси доирасида ҳаво ҳудудига киришини таъминлаш, шунингдек, хорижий компаниялар учун тўсиқларни изчил олиб ташлаш топширилди.

Қабул қилинган ўзгартиришлар фонида монополияга қарши тузилмалар, ҳаво ҳаракатини бошқариш корхоналари ва аэропорт раҳбарияти йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тегишли хизматлар тарифларини пасайтириш ва инфратузилмани ривожлантириш чораларини кўради.

Мутахассисларнинг фикрича, Тожикистонда «Очиқ осмон» сиёсатининг жорий этилиши транспорт бозорида рақобат учун қулай шарт-шароит яратади, бу эса ўз навбатида чипталар нархининг арзонлашишига ва фуқаро авиацияси соҳасига қўшимча сармоя жалб этилишига олиб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ