Ўзбекистонда автомобил лизинги билан боғлиқ йирик фирибгарлик фош этилди

АВТОЛИЗИНГ БИЛАН БОҒЛИҚ ФИРИБГАРЛИКДА ФОШ ЭТИЛГАН ШАХСЛАР. ЎЗБЕКИСТОН ИИВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда 50 миллиард сўм (4 миллион долларга яқин) автомобил лизингига оид фирибгарлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, бир гуруҳ шахслар ижтимоий тармоқлардаги тарғибот ишлари орқали турли номлар остида ўнлаб масъулияти чекланган жамиятлар, жумладан, Umid avto companies, Umid Auto Leasing, Orient Auto, Imkon Avto Markaz ва шу кабиларни ташкил этган. ИИВ матбуот хизмати 26 та фирибгар фирма номини келтирган ва рўйхатни «ва бошқалар» сўзлари билан якунлаган.

Компаниялар мамлакатнинг аксарият ҳудудларида, хусусан, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари, Нукус шаҳрида очилган.

Фирибгарлар фуқароларга автомобилларни паст фоиз ставкаларида (6-12 фоиз) етказиб беришни ваъда қилишган ва улар билан дастлабки шартномалар тузган. Бироқ, белгиланган муддатларда (120 кунгача) автомашиналар етказиб берилмаган ва мижозлардан олинган пуллар ўзлаштирилган.

Тергов доирасида 843 киши жабрланувчи сифатида тан олинган. 9 нафар гумонланувчига нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва улар қамоққа олинган.

Текширув давомида фирибгарлар компанияларига тегишли 339 та автомашина мусодара қилинган.

Ҳозирда, Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рамазон Ашропов бошчилигида тегишли мутахассислар жалб этилган ҳолда Махсус тезкор штаб тузилган бўлиб, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида ҳар куни соат 09:00дан 21:00га қадар иш олиб бормоқда (Тарас Шевченко кўч, 62). Жабрланувчилар ва гумон қилинаётган шахслар фаолиятига оид маълумотга эга бўлган фуқаролардан штабга (71) 256-79-39, шунингдек, 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари сўралади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фуқароларни огоҳ бўлишга, арзонлаштирилган нархларда автомобил сотиб олиш бўйича шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди.

ℹ️ Бу автодилерларнинг фирибгарлик схемаларини қўллаши бўйича қўзғатилаётган жиноят иши бўйича биринчи ҳолат эмас. Масалан, 2023 йил март ойида Uz Avto Premium ва Avto Alo Group MT компанияларининг тўрт нафар ходими 248 нафар фуқарони алдаб, улардан 12 миллиард сўм (1 миллион доллардан сал кўпроқ) ундириб олгани учун 5 йилдан 9,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ