Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Қаршининг «Насаф» клуби ярим ҳимоячиси Акмал Мозговой фаолиятини БААнинг «Банияс» клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда журналист Яҳёхўжа Улуғхўжаев хабар берди.
Унга кўра, футболчининг трансфери бўйича музокаралар якуний босқичда. Бадал пули миқдори «кичик» кўрсатилган, аммо «Насаф» 26 ёшли ярим ҳимоячининг кейинги трансферларидан ишлаб олади.
Мозговой ўтган йили Ўзбекистон чемпиони бўлган Қарши жамоасининг етакчиларидан бири ҳисобланади, чемпионатнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган. Келгуси мавсумда «Насаф» элит Чемпионлар лигасида иштирок этади.
Ўтган мавсумда «Банияс» ФК БАА чемпионати олий лигасида жон сақлаб қолиш учун кураш олиб борган, жамоа турнирда 12-ўринда ўзини сақлаб қолганди.
Эслатиб ўтамиз, Акмал Мозговой шу йилнинг февраль ойида Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев каби ўзбекистонлик футболчилар билан ҳамкорлик қиладиган Prosm агентлиги мижозига айланган эди. Мутахассислар Мозговой фаолиятини Россия Премьер-лигаси клубларидан бирида давом эттиришини тахмин қилишганди. Лекин, афтидан, ҳеч қандай таклиф тушмаган.
Акмал Мозговой «Насаф» тарбияланувчиси. У бутун фаолиятини битта клубда ўтказган. У Ўзбекистон терма жамоаси сафида 15 та ўйин ўтказган.