Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Lactalis компаниясига нисбатан нотўғри қўлланган жаримани бекор қилди

ЎЗБЕКИСТОН СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ. SPUTNIKNEWS.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Lactalisга нисбатан Солиқ кодексининг 271-1- моддаси бўйича 5,4 млрд сўмлик (419 минг доллар) жаримани бекор қилди. Бу ҳақда 5 июль куни Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди, деб хабар беради Spot нашри.

Июьн ойи охирида Lactalis Central Asia вакили солиқ текшируви чоғида аниқланган 1,5 миллион сўм (118 доллар) ҳажмдаги қадоқланган сув камомади учун соф чорак даромадининг 2 фоизи миқдорида жарима қўлланилишига расман эътироз билдирганди. Бундан хабар топган СҚ раҳбари Шерзод Кудбиев бундай оғир жазо қўллаш нотўғри эканини тан олганди ва алоҳида тергов ўтказиш ва Lactalisга қарши баённома тузган инспекторни чақиришни буюрганди.

Ўтказилган ички текширувлар натижасида мажбурий маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима қонунга хилоф равишда – етарлича далилларсиз ва Солиқ кодекси талабларини бузган ҳолда солинганлиги аниқланган.

«Мазкур ҳолат назоратга олиниб, хизмат ўрганиши тайинланди. Ўрганишда корхона томонидан мажбурий маркировкалаш талаблари бузилиши ҳолатлари Солиқ кодекси талабларига асосланган ҳолда исботланмасдан, маркировкалаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги учун жарима нотўғри қўлланилганлиги аниқланган», — дейилади СҚ хабарида.

ℹ️ 227-1-модда 2022 йили киритилган бўлиб, товарларни рақамли маркировка қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни назарда тутади. Дастлаб, бундай қоидабузарлик учун тадбиркорлар сўнгги чорак соф даромадининг 100 фоизи миқдорида жаримага тортилиши кўзда тутилган. 2024 йили расмийлар санкцияларни юмшатган: энди биринчи қоидабузарлик учун жарима чоракли тушумнинг 2 фоизини, бир йил ичида такрорий қоидабузарлик учун — 20 фоизни ташкил этади. Президент фармонига кўра, ушбу модда бўйича илгари ҳисобланган жарималарнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилиши керак.

2026 йилдан бошлаб солиқ органлари ёрлиқлаш масалалари бўйича масофавий текширишлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, дастлабки иккита қоидабузарлик учун тадбиркорга огоҳлантириш берилади, йил давомида кейинги қоидабузарликлар учун у чораклик даромаднинг 0,2 фоизидан 2 фоизигача миқдорда жаримага тортилади.

ℹ️ Lactalis — 1933 йили Бенье оиласи томонидан ташкил этилган халқаро француз хусусий концерни. Компания сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди ва Европада пишлоқ ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. Lactalis 200 дан ортиқ заводга эга ва 148 мамлакатда мавжуд. Lactalis 2019 йили Ўзбекистон бозорига Nestle компаниясига тегишли сув ва сут корхоналарини, жумладан, Наманганда жойлашган иккита заводни сотиб олиш орқали кириб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ