2025 йил олти ойида Ўзбекистон банклари аҳолидан 9 миллиард доллар хорижий валюта сотиб олди

gazeta.uz сайти фотосурати

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон резидентлари маҳаллий банкларга 9,1 миллиард доллар хорижий валюта сотган. Бундан ташқари, ушбу даврда аҳоли кредит ташкилотларидан қарийб 5,4 миллиард доллар харид қилган. Бундай маълумотлар Республика Марказий банки таҳлилчилари томонидан тайёрланган ҳисоботда келтирилган.

Шундай қилиб, чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш ҳажми ўртасидаги фарқ сезиларли даражада ўсиб, 42,8 фоизга ёки пул кўринишида 3,7 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган. Бу ҳолат ички бозорда қўшимча валюта таклифи манбаи бўлиб хизмат қилди, дейилади Марказий банк.

Молиявий регулятор маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида банклар ва жисмоний шахслар ўртасида чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича амалга оширилган операцияларнинг умумий ҳажми 14,5 миллиард долларни ташкил қилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 24 фоизга ошган.

Айрим турдаги операциялар бўйича кўрсаткичлар ҳам ошган. Хусусан, кредит ташкилотлари 2024 йил январь-июнь ойларига нисбатан 27 фоизга кўп валюта сотиб олган ва 18 фоизга кўп сотган.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, фуқаролар кўпинча валюта айирбошлаш шохобчаларида пул алмаштиришни афзал кўришади. Ҳисобот даврида мазкур ташкилотлар орқали 8,4 миллиард долларлик операциялар амалга оширилган. Онлайн транзакцияларда ҳам фаоллик қайд этилган, бунда маблағлар айланмаси 5,9 миллиард долларга етган. Қолган 252 миллион доллар эса кечаю кундуз ишлайдиган банкоматлар орқали алмаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки жорий йилнинг биринчи ярмида хориждан республикага пул ўтказмалари ҳажми 8,2 миллиард долларни ташкил этгани, бу 2024 йил биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 27 фоизга кўп эканини маълум қилганди. Регулятор маълумотларига кўра, транзакциялар ҳажмини оширувчи омиллардан бири Ўзбекистондан кўп мирантлар ишлаётган мамлакатлар валюталарининг мустаҳкамланиши ҳисобланади. Масалан, йил бошидан буён Россия рубли АҚШ долларига нисбатан деярли 30 фоизга қимматлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ