
АҚШ Бағдоднинг туркман газини Эрон орқали импорт қилишга уринишини блоклади, деб хабар беради Reuters.
2023 йили таклиф қилинган шартнома лойиҳасига кўра, Ироқ Эрон орқали Туркманистондан тахминан 5 миллиард куб метр газ сотиб олишни режалаштирган ва Эрон миллий газ компанияси (NIGC) воситачи сифатида ҳаракат қилган. (Эслатма: 2023 йил кузида Туркманистон ва Ироқ беш йил давомида йилига 9 миллиард куб метр газ етказиб берилишига келишиб олгани хабар қилинганди. Туркманистон матбуотига кўра, 2024 йил октябрь ойида Ашхобод ва Бағдод Эрон қувурлари тизимидан фойдаланган ҳолда кунига 20 миллион куб метр газ етказиб бериш бўйича келишув имзолаган эди).
Келишувда Эрон молиявий компенсация олмасдан газнинг 23 фоизини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиши кўзда тутилган эди. Бағдод, шунингдек, келишувнинг АҚШ санкциялари ва пул ювишга қарши кураш қоидаларига мувофиқлигини назорат қилиш учун халқаро кузатувчи жалб қилишни таклиф қилганди.
Бироқ, президент Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ маъмурияти Эронга ядровий дастурлари юзасидан босим кучайганини баҳона қилиб, келишувни маъқуллашдан бош тортди. Ироқ Бош вазирининг электр энергияси бўйича маслаҳатчиси Адел Карим «[Туркман келишувининг] амалга оширилиши Ироқ банклари ва молия институтларига қарши санкцияларни келтириб чиқариши мумкин, шу сабабли шартнома ҳозирда тўхтатилган»ини таъкидлади.
Сўнгги ўн йил ичида Эрондан газ импорти Ироқнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб учдан бир қисмини қоплаган ва 2024 йилда қўшни давлатдан етказиб бериш 9,5 миллиард куб метрга етган. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Ироқ йилига тахминан 11 миллиард куб метр газ ишлаб чиқаради, бу газнинг муҳим қисми инфратузилма ва инвестициялар етишмаслиги туфайли ёқиб юборилади.
Бироқ, 2025 йил март ойида Трамп маъмурияти Ироққа Эрон электр энергияси учун тўловни амалга оширишга рухсат берувчи имтиёзни бекор қилди, бу эса импортнинг қисқаришига олиб келди. Оқибатда 3000 мегаваттдан (МВт) ортиқ қувват етишмаслиги юзага келди, бу мамлакатнинг 28 000 МВт салоҳиятининг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. Электр узилишлари тахминан 2,5 миллион хонадонга таъсир кўрсатмоқда.
Туркман варианти блоклангани сабабли, Ироқ ҳукумати муқобил ечимларни, жумладан Қатардан суюлтирилган газ импорт қилиш учун инфратузилмани қуришни кўриб чиқмоқда. Ушбу ташаббуслар доирасида мамлакат TotalEnergies, BP ва Chevron каби йирик халқаро нефть ва газ компаниялари билан газ лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ва газда ишлайдиган электр станцияларини кенгайтириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда.
АҚШ ва Эрон таъсири ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш Бағдод учун асосий муаммо бўлиб қолмоқда, чунки Эрон газига қарамлик Ироқнинг электр таъминоти барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, деб таъкидлайди Reuters. Туркманистон билан келишувнинг бекор қилиниши Ироқни газ таъминотини диверсификация қилиш ва санкциялар босими билан боғлиқ хавфларни камайтириш имкониятидан маҳрум қилди.