Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сунъий интеллект бўйича хакатонлар ўтказилади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида инновацияларни рағбатлантириш ва истиқболли ечимларни аниқлаш мақсадида сунъий интеллект (СУ) хакатонлари ўтказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевга сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ҳамда уларни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга кенг жорий этиш тақдимотида маълум қилинди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Мажлисда президентга Ўзбекистондаги СИ ривожланишининг асосий ютуқлари ва стратегик йўналишлари тақдим этилди. Жумладан, Нукусда соғлиқни сақлаш бўйича HealthTech AI Hackathon мусобақаси муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди. Шавкат Мирзиёев бу тажрибани кенгайтириб, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида ҳам ўтказиш бўйича топшириқ берди.

ℹ️ Хакатон — бу чекланган вақт ичида жамоалар янги маҳсулотлар, хизматлар ёки ечимлар прототипларини ишлаб чиқадиган интенсив тадбирдир. Энг яхши лойиҳалар совринлар олади, қўллаб-қувватланади ёки келгусида ривожланиш имкониятига эга бўлади.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу соҳада тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, мамлакат сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича халқаро рейтингда 17 поғона юқорилгани, ҳозирда Ўзбекистон 188 давлат ичида 70-ўринни, Марказий Осиё бўйича эса биринчи ўринни эгаллаганини қайд этди. Президент таъкидлаганидек, бу натижалар соҳада қўйилган илк қадамлар самарасидир, аммо олдинда ҳали кўп иш турибди. Шу мақсадда ўтган йили 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилинди ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилди.

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этиш мақсадида 50 миллион доллар маблағ ажратилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа шакллантирилди. Ҳозирда сунъий интеллектни қўллаш учун зарур ҳисоблаш имкониятларини яратиш мақсадида «суперкомпьютер кластери»ни ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Президент хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиб бориш зарурлигини, бунинг учун мазкур соҳада самарали фаолият юритаётган ватандошлар, хорижий экспертлар ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади.

Мажлисда соҳани кадрлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Бу ишларни мактаблардан бошлаш, информатика ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. «Бир миллион сунъий интеллект етакчилари» миллий дастури доирасида ёшлар учун aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформалари ишга туширилди, уларда СИ бўйича 5 та бепул онлайн ўқув дастури йўлга қўйилган. Дастур доирасида 2027 йилга қадар 1 миллион нафар ёш сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлади.

Мирзиёев тақдимот қилинган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уларни сунъий интеллектни жорий этишни янада жадаллаштириш, илғор тажрибани амалиётга татбиқ этиш, соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида янада такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича топшириқлар берди. Тақдимотда сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш қувватларини Ўзбекистонда яратиш, маълумотлар марказларини қуриш ва бунга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун жозибадор муҳитни таъминлашга урғу берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ