Ўзбекистон ижро ҳокимиятида 2141 та штат бирлиги қисқартирилади. Бу Президентнинг «Бошқарув аппаратини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор давлат бошқарувини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида қабул қилинган. Давлат органларида замонавий рақамли технологиялар ва бозор механизмларини жорий этиш, давлат функцияларини бажаришга хусусий секторни жалб этиш шулар жумласидандир. Ушбу ислоҳотлардан мақсад миллий ижроия органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда маъмурий харажатларни камайтиришдан иборат.
Энг катта қисқартиришлар Солиқ қўмитаси (486 та ўрин), Сув хўжалиги вазирлиги (224 та), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (218 та), Адлия вазирлиги (197 та), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (176 та), Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (163 та) юз беради.
Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитаси ва вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида замонавий хизматларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президентнинг июндаги қарорида қайд этилган 1080 тадан ташқари 56 та раҳбар штат бирлиги қисқартирилади.
Бундан ташқари, бир қанча қўмиталар, идоралар ва инспекциялар раҳбарлари биттадан ўринбосарларини йўқотади, Транспорт инспекциясидаги учта ўринбосарлик лавозимидан иккитаси тугатилади.
ℹ️ Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларга 2022 йил декабрида старт берилганди. Шу жумладан, барча вазирликларнинг штат бирликларини 30 фоизга қисқартириш режалаштирилган эди. 2023 йил январь ойида президент вазирлик ва идоралардаги умумий ходимлар сонини 56 573 нафарга қисқартириш тўғрисида буйруқ берганди. Натижада, давлат органлари 17,5 мингга яқин штат бирлигига ёки ходимлар умумий сонининг 24 фоизига қисқарди. 2024 йилнинг ноябрига қадар давлат органларининг бошқарув ходимлари сони яна 2949 бирликка қисқартирилди.