Ўзбекистон Европага электр жиҳозлари экспортини камида икки баробар оширишни режалаштирмоқда

«Ўзэлтехсаноат» ассоциацияси бошқарув раиси Мирзиёд Юнусов. Ўзбекистон президени матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш тизимини жорий қилгандан сўнг Европага электр жиҳозлари экспортини камида икки баробар оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 8 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга электротехника саноатини янада ривожлантириш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги тақдимоти чоғида маълум қилинди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимни жорий этиш учун европалик ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Натижада Ўзбекистон маҳсулотлари Европа Иттифоқи талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи «CE» белгисига эга бўлади ва бу Европа бозорларига чиқиш имкониятини кенгайтиради.

Ўзбекистон стандартлар институти Халқаро электротехника комиссияси баҳолаш схемасига аъзо орган сифатида қабул қилинди. Бу мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатларининг 53 давлатда тан олинишини таъминлайди.

Тақдимотда 2025 йилнинг тўққиз ойида электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 34 триллион сўмни (2,7 миллиард доллардан ортиқ) ташкил этгани, экспорт ҳажми 970 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.

Шу билан бирга, соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Хусусан, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, мисни чуқур қайта ишлаш ва экспортни диверсификация қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Тақдимотда мамлакатда чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, бу борада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, мисни харид қилишда чегирма тақдим этиш, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисмини давлат томонидан қоплаш, солиқ ва божхона тўловлари бўйича енгилликлар бериш режалаштирилган.

Тармоқда анъанавий турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бирга юқори технологик турларини ўзлаштириш, жумладан, электроника ва ярим ўтказгичлар соҳасига кириб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатда мис ишлаб чиқаришни яқин йилларда 250 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Бу хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, жумладан, серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш батареялари, бошқарув ва автоматлаштириш ускуналари, смарт-карталар ишлаб чиқарилади.

Умуман олганда, электротехника саноати умумий қиймати 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа портфелига эга бўлиб, уларнинг амалга оширилиши 14,5 минг янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ