Россиялик теннисчи мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида иштирок этади

Мария Тимофеева. Спортчининг ижтимоий тармоғидаги фотосурати

Йигирма бир ёшли россиялик теннисчи Мария Тимофеева фуқаролигини ўзгартирди ва энди у Ўзбекистон учун кураш олиб боради. Бу ҳақда WTAга таяниб, Gotennis хабар берди.

«Ҳа, Мария Тимофеева расман фуқаролигини ўзгартирган ва энди Ўзбекистон учун кураш олиб бради. Унинг бутун оиласи — онаси ва отаси олти ойдан ортиқ вақтдан бери Тошкентда яшаяпти. У федерацияга ўзи мурожаат қилиб, аллақачон паспорт ва ID карта олган», — деди Ўзбекистон Теннис федерацияси раиси ўринбосари Ирода Тўлаганова.

Мария WТА жаҳон рейтингида 146-ўринни эгаллаб турибди, унинг энг яхши рейтинги 93-ўрин. Фуқаролигини ўзгартириш эълон қилинишидан бир кун олдин, 19 октябрь куни у Португалияда бўлиб ўтган ITF W75 турнирида ғолиб бўлди.

Тимофеева автоматик тарзда аёллар ўртасида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ўйинчисига айланди. Аввалроқ WТА рейтингида 1012-ўринни эгаллаган 36 ёшли Влада Екшибарова энг кучли деб топилганди.

Мария Тимофеева Москвада туғилган. У Словениянинг Копер шаҳрида Анеж Морел қўл остида машғулотлар олиб боради. 2023 йили у Будапешт турнирининг финалида украиналик Катерина Байндлни мағлуб этиб, ўзининг илк WTA Tour чемпионлигини қўлга киритганди. Кейин оёғидаги жароҳат туфайли уч ойлик танаффусга чиқишга мажбур бўлди. 2024 йили у Австралия Очиқ чемпионатида дебют қилди (у саралашдан ўтди) ва тўртинчи босқичга чиқди. Унинг карьерасидаги мукофот пуллари деярли 800 000 долларни ташкил қилади.