Машҳур «Оталар сўзи – аклнинг кўзи» кўрсатувининг муаллифи ва бошловчиси вафот этди

Мираббос Мирзааҳмедов. Видеодан кадр

«Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатувини 40 йилдан ортиқ вақт давомида олиб борган ва унга режиссёрлик қилган Ўзбекистоннинг таниқли маданият арбоби Мираббос Мирзааҳмедов 84 ёшида вафот этди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакат раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳамдардлик билдирдилар.

Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олган. У 60 йилдан ортиқ телевидениеда ишлаган, дастлаб «Ёшлар» таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, «Ўзбекистон» телеканалининг олий тоифали режиссёри лавозимларида ишлаган.

Унинг бевосита раҳбарлигида «Баҳор қайтмайди», «Излайман», «Қалбингга қулоқ сол», «Баҳс», «Уч илдиз», «Дунёнинг ишлари» каби телевизион дастурлар ва бадиий фильмлар яратилди.

М.Мирзааҳмедов ўзининг нуроний ва донишманд қиёфаси, кўп йиллик билим ва тажрибаси билан марказий телеканаллар орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди ва унда Ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшди.

Мирзааҳмедов шунингдек, устоз эди, кўплаб ёш мутахассисларни тайёрлади ва ўзининг маҳорат мактабини яратди. У самарали меҳнати учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига, шунингдек, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденларига сазовор бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ