Россия маориф органлари мигрантлар болаларига оид маълумотларни Ички ишлар вазирлигига тақдим этади

Владимир Смирнов фотосурати / ТАСС

Россия маориф органлари Ички ишлар вазирлигига чет эллик болаларнинг ота-оналари томонидан мактабга қабул қилиш учун берилган аризалар, шунингдек, боланинг мактабга қабул қилинишини белгиловчи рус тили имтиҳони натижаларига оид маълумотларни тақдим этиши шарт бўлади. Ушбу процедура 2026 йил 28 январдан кучга киради, деб хабар беради Россия Таълим вазирлиги матбуот хизмати тегишли қонунга таяниб.

Ушбу жараён идоралар ўртасида икки томонлама маълумотлар алмашинувини ўз ичига олади. Ички ишлар вазирлиги хорижий фуқароларнинг, шу жумладан назорат остидаги шахслар реестрига киритилган шахслар болаларини рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан чиқаришга оид маълумотларни алмашади, бу эса вояга етмаганларнинг таълим эҳтиёжларини баҳолаш имконини беради.

Ўз навбатида, Таълим вазирлиги ва маҳаллий маориф органлари мигрантлар болаларининг мактабларга қабул қилиниши ва аксинча, таълим муассасаларидан ҳайдалганига доир батафсил маълумотлар тақдим этади.

Мақсадли ахборот алмашиш схемаси аллақачон тегишли давлат идоралари томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқлангани аниқланди. Тизим ишга туширилгандан сўнг, Таълим вазирлиги расмийлари маҳаллий маориф органларига методологик ёрдам кўрсатадилар ва идоралараро электрон алоқа ресурслари орқали мигрантлар болалари ҳақидаги шахсий маълумотларга кириш ҳуқуқини берадилар. Мутахассисларнинг фикрича, бу жараённи соддалаштиради ва уни иложи борича шаффоф қилади.

Вояга етмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги маълумотлар Россия Ички ишлар вазирлигининг «маълумотлар маркази»дан ўтказилади ва таълим муассасалари порталларида янгилангандан сўнг, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг миграция рўйхатга олиш тизимига қайтарилади.

Ушбу механизм мактабга бормаган болалар сонини кузатиш имконини беради. Улар билан индивидуал ишлар олиб борилади, деё таъкидлайди Таълим вазирлиги.

Шуни таъкидлаш жоиз, жорий йил октябрь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Президент кенгаши раҳбари Валерий Фадеев Россияда яшовчи юз минглаб мигрантлар болалари мактабга бормаётганига оид статистикани келтирди. Мулозим вазиятни «номақбул» деб атади ва конституция болалар учун универсал таълимни назарда тутгани сабабли, расмийлар бу масалага катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Яқинда Рособрнадзор чет эл болаларининг мактабга кириши учун ўтказилган рус тили имтиҳонига доир маълумотларни эълон қилди. Маълум бўлишича, ота-оналари таълим муассасаларига кириш учун ариза топширган чет эллик болаларнинг атиги 19 фоизи имтиҳондан ўтган.

ℹ️ Россия Федерацияси Давлат Думаси (парламенти) 2024 йил декабрь ойида рус тили имтиҳонидан муваффақиятли ўтолмаган мигрантлар болаларининг мактабларга қабул қилинишини тақиқловчи қонунни қабул қилганди.

Тест Рособрнадзор томонидан шу йилнинг 1 апрелидан ўтказиб келинмоқда. Баҳолаш формати синф даражасига боғлиқ бўлади. Биринчи синф ўқувчилари оғзаки мулоқот қобилияти — гапириш, тинглаш ва тушуниш бўйича синовдан ўтказилади. Баҳолаш оғзаки равишда ўтказилади ва луғат, грамматика билимларини текширишни ўз ичига олади. Иккинчи синфдан бошлаб тест ёзма топшириқларни, хусусан, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини текширишни ўз ичига олади.

Имтиҳондан ташқари, боланинг ота-онаси мактаб маъмуриятига барча керакли ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Жумладан, бола ота-онасининг шахсини тасдиқловчи ёки вакилнинг қонуний ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, бола ва унинг ота-онасини Россияда қонуний яшашини тасдиқловчи ҳужжатлар, юқумли касалликлар йўқлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома ва хорижий ҳужжатларнинг рус тилига тегишли равишда тасдиқланган таржималари киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ