Ўз тарихида биринчи марта Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган келаси йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг финал қисмида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоаси камида 10,5 миллион доллар олади. ФИФА сайтидаги баёнотга кўра, турнирга тайёргарлик кўриш учун 1,5 миллион доллар ажратилади ва жамоага гуруҳ босқичидан ўта олмаса ҳам, 9 миллион доллар мукофот пули берилади.
Яқинлашиб келаётган Жаҳон чемпионати учун мукофот жамғармаси Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган ФИФА Кенгаши йиғилишида тасдиқланди. Турнир иштирокчилари учун рекорд даражадаги 727 миллион доллар эълон қилинди, бу ФИФАнинг 2022 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этган жамоаларни рағбатлантиришга сарфлаган маблағидан 50% кўп (ўйинлар Қатарда бўлиб ўтган, турнирда Аргентина ғолиб чиққанди).
Маблағларнинг катта қисми — 655 миллион доллар — жамоалар учун мўлжалланганлиги ва учта мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатидаги натижаларига қараб тақсимланиши аниқланди.
2026 йилги Жаҳон чемпионати чемпиони 50 миллион долларлик чек олади. Иккинчи ўрин эгаси 33 миллион доллар, учинчи ўрин эгаси 29 миллион доллар ва тўртинчи ўрин эгаси 27 миллион доллар олади.
Қуйидаги тақсимот ҳам тасдиқланган:
✅ 5-8 ўринлар учун: ҳар бир жамоа учун 19 миллион доллар;
✅ 9-16 ўринлар учун: 15 миллион доллар;
✅ 17-32 ўринлар учун : 11 миллион доллар;
✅ 33-48 ўринлар учун: 9 миллион доллар.
Бундан ташқари, финал турнирига йўлланма олган барча жамоалар Жаҳон чемпионатига тайёргарлик харажатларини қоплаш учун 1,5 миллион доллар олади.
Шундай қилиб, гуруҳ босқичидан ўта олмаган жамоалар барибир камида 10,5 миллион доллар олади.
ФИФА президенти Жанни Инфантино ушбу янгиликка изоҳ бераркан, келгуси йилги Жаҳон чемпионати глобал футбол ҳамжамиятига молиявий ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлишини таъкидлади.
Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон терма жамоаси қитъа саралаш босқичи тугашига бир тур қолганида Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди ва БААдан келган рақиблари билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.
5 декабрь куни Вашингтонда 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва Ўзбекистон К гуруҳига киритилди ва бу ерда ўзбек жамоаси Португалия ва Колумбия каби жамоаларга қарши плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб борали. Квартетнинг тўртинчи жамоа Конго Демократик Республикаси, Ямайка ва Янги Каледония иштирокидаги ўйинлар ғолиби бўлади.
ℹ️ Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Турнирда илк бор 48 та жамоа иштирок этади.



