Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раҳбари Маҳмадрўзи Искандаров озод қилинди

Маҳмадрўзи Искандаров. Zindoniyon сайти фотосурати

Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Маҳмадрўзи Искандаров узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг 27 декабрь куни озод қилинди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар қилади.

Икки мустақил манба Искандаровнинг озод қилинганини нашрга тасдиқлаган, аммо тафсилотларни ошкор қилмаган. Расмийлар Демократик партиянинг собиқ раҳбари озод қилинганига оид изоҳ беришмаган.

Искандаров Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида собиқ Бирлашган Тожикистон мухолифати (БТМ) қўмондони бўлган. 1997 йили тинчлик шартномасини имзолаганидан ва ҳукумат тузилмаларига қайта қўшилганидан сўнг, у давлатга қарашли «Тожикгаз» компаниясини бошқарган. 1999 йили у Тожикистон Демократик партияси раиси этиб сайланган.

2003 йили Искандаров конституциявий тузатишларга қарши чиққан ва кейинчалик «Тожикгаз» раҳбари лавозимидан озод қилинган. Сўнг у Россияга жўнаб кетади ва у ерда Тожикистон ҳукуматининг ҳаракатларини очиқчасига танқид қилади ва 2006 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйиш ниятини эълон қилади.

2004 йил декабрь ойида Тожикистон расмийларининг илтимосига биноан Искандаров Россияда ҳибсга олинади, аммо Россия прокуратураси уни экстрадиция қилиш учун ҳеч қандай асос топмагани сабабли 2005 йил 3 апрелда қўйиб юборилади. Озод қилинганидан сўнг, Искандаров Россия президенти Владимир Путинга миннатдорчилик хатини ёзган.

2005 йил 15 апрелда у Москва вилоятидаги Королев шаҳрида сайр қилиб юрганида ғойиб бўлган. Ўн кундан сўнг Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов Искандаров 22 апрель куни Душанбеда ҳибсга олинганини ва Давлат хавфсизлик вазирлигининг тергов ҳибсхонасида сақланаётганини эълон қилган.

Россия ва Тожикистон расмийлари Искандаровнинг Москва вилоятида ҳибсга олинганини рад этишган. Бироқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ёзган аризасида сиёсатчининг ўзи унинг Королевда қандай қилиб ўғирлаб кетилгани ва ҳужжатсиз Душанбега олиб кетилганини батафсил баён қилган.

2005 йил октябрь ойида Тожикистон Олий суди Искандаровни Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича 23 йилга озодликдан маҳрум қилган. Айбловлар терроризм, бандитизм, ноқонуний қурол сақлаш, қўриқчиларни ушлаб туриш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва давлат маблағларини ўзлаштиришни ўз ичига олган. Искандаров шунингдек, генерал-майор унвонидан маҳрум қилинган.

Маҳмадрўзи Искандаровнинг ўзи айбини тан олмаган ва таъқиб қилинишини сиёсий сабабларга кўра содир этилган деб таърифлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ