Толибларнинг* собиқ қўмондони Ҳожи Нажибуллоҳ (Haji Najibullah) Нью-Йоркнинг жанубий округида 42 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Афғонистонлик гаровга олиш ва америкалик аскарларнинг ўлимига олиб келган ҳужумларни уюштиришда айбдор деб топилган. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.
Терговчиларнинг фикрига кўра, 2007 йилдан 2009 йилгача Атиқуллоҳ ва Абу Тайиб номи билан ҳам танилган Нажибуллоҳ Афғонистоннинг Кобул билан чегарадош Вардак вилоятида «Толибон»* ҳаракати жангари гуруҳининг қўмондони бўлиб хизмат қилган. Унинг қўмондонлиги остида толиблар Америка қўшинлари, НАТО кучлари ва уларнинг афғон иттифоқчиларига қарши ҳужумлар уюштирган. Улар худкуш-террорчилар, автоматик қуроллар, қўлбола портловчи қурилмалар, танкка қарши гранаталар ва бошқа қуроллардан фойдаланганлар.
Муҳим воқеа 2008 йил 26 июнда содир бўлган. Нажибуллоҳ қўмондонлигидаги жангарилар АҚШ ҳарбий карвонига пистирмадан ҳужум уюштиришган. Ҳужум натижасида уч америкалик ва уларнинг афғон таржимони ҳалок бўлган, яна бир қанча ҳарбий хизматчилар яраланган.
2008 йил 10 ноябрь куни 1996 йилги Пулицер мукофоти совриндори, New York Times журналисти Дэвид Роде (David Rohde) Афғонистонда Нажибуллоҳ қўмондонлиги остида ўғирлаб кетилган. Роде 2001 йили АҚШ босқинидан сўнг Афғонистонда репортажлар олиб борган ва кейинчалик бу ўлкага бир неча бор қайтиб келган. 2008 йил октябрь ойида у минтақада барқарорликни ўрнатиш учун қўлдан бой берилган имкониятлар ҳақида китоб ўқиш учун уч ҳафтага келган. Журналист Тоҳир Луддин ва ҳайдовчи Асад Мангал билан бирга Роде Абу Тайиб исмли толиблар қўмондони билан олдиндан келишилган интервью учун Кобул ташқарисига чиққан. Йўлда учаласи ҳам Нажибуллоҳ бошчилигидаги бир гуруҳ толиблар жангарилари томонидан гаровга олинган.
Етти ой давомида улар Покистоннинг «Толибон» назоратидаги қабила ҳудудларида пулемётлар билан қуролланган қўриқчилар томонидан доимий кузатув остида ушлаб турилган.
Жангарилар гаровга олинганларни оилалари ва ҳамкасбларига видео қўнғироқлар қилишга мажбур қилишган, кўп миллион долларлик товон пули ва «Толибон» асирларини озод қилишларини сўрашган. Бир видеода Нажибуллоҳ томонидан юзига автомат ўқталган Роде жонини омон қолдириши сўраб ёлворган.
Роденинг ўғирланиши оммавий ахборот воситаларида гаровга олинганларнинг ҳаётига хавф туғдириши хавотирлари ортидан ёритилмаган.
Етти ой ўтгач, журналистлар асирликдан қочиб, Покистон ҳарбий базасига етиб боришга ва уйга қайтишга муваффақ бўлишади. У ерда қолиб кетган ҳайдовчи бир ой ўтгач қочишга муваффақ бўлади. 2010 йили Роде «Арқон ва ибодат: Икки томондан ўғирлик» (A Rope and a Prayer: A Kidnapping from Two Sides) китобини нашр этади ва унда Афғонистонда ўғирлаб кетилилгани ҳақида ҳикоя қилади.
Нажибуллоҳга 2014 йили АҚШ томонидан сиртдан айблов қўйилган, аммо у фақат 2020 йил октябрь ойида Украинада қўлга олинган (у қандай қилиб у ерга бориб қолгани ва ҳибсга олингани ҳолатлари ошкор қилинмаган). Дастлаб афғон ўз айбини инкор этган ва ниҳоят 2025 йили тан олган. 2026 йил 9 июнда судда сўзлаган Нажибуллоҳ Роде ва унинг оиласидан узр сўраб, шундай деган: «У билан юз берган воқеа даҳшатли эди ва мен бу ишдаги ролимдан жуда афсусдаман».
50 ёшли Нажибуллоҳ ўз айбини тан олгани учун умрбод қамоқ жазосидан қутулиб қолган ва 42 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шунингдек, унга озодликка чиққанидан сўнг беш йиллик назорат муддати берилган.
*«Толибон» ҳаракати кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган.



