Ўзбекистонлик автопойгачи Исмоил Аҳмадхўжаев Бельгиядаги Спа-Франкоршам трассасида бўлиб ўтган Ultimate Cup Series мусобақасининг тўртинчи босқичидаги UCS2 синфида ғолиб чиқди.
Босқич 18–20 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Аҳмадхўжаев Rossa Racing жамоаси таркибида Rossa LM GT автомобилида иштирок этди. Ultimate GT Sprint Cup доирасида жами икки пойга ўтказилди.
Биринчи пойгада россиялик пилот Роман Русинов ғолиб бўлди. У UCS2 синфида ҳам, умумий ҳисобда ҳам биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи пойгада эса Rossa LM GT рулбарига Аҳмадхўжаев ўтирди. Поул-позициядан старт олган ўзбекистонлик пойгачи ўз синфида ғолиб чиқди. Шу тариқа, жамоа босқични икки поул-позиция ва икки ғалаба билан якунлади.
Пойгалар об-ҳаво ўзгарувчан шароитда ўтказилди. Квалификация қуруқ трассада бўлиб ўтган бўлса, пойгалар вақтида ёмғир ёға бошлади.
«Спа — жуда техник трасса, бу ерда ҳар бир айлана тўлиқ диққатни талаб қилади, айниқса об-ҳаво доим ўзгариб турганида. Шунинг учун айнан шу ерда, жаҳон автоспортининг энг машҳур трассаларидан бирида подиумда биринчи ўринни эгаллаш ва Ўзбекистонни бундай юқори даражада намоён этиш айниқса ёқимли. Бутун жамоага меҳнати учун ва Ромага ушбу ҳафта охири учун раҳмат», — деди Аҳмадхўжаев.
Июль ойида Rossa LM GT Италиянинг Муджелло трассасидаги Ultimate GT Sprint Cup мусобақасида ғолиб чиққан эди. Ўшанда Русинов босқичнинг иккинчи пойгасида ва умумий ҳисобда ғолиб бўлган, Аҳмадхўжаев эса биринчи пойгада рақиби билан тўқнашувдан сўнг пойгани якунлай олмаган.
Ultimate GT Sprint Cup Ultimate Cup European Series дастурига киради. Мусобақа формати 35 дақиқадан иборат иккита пойгани назарда тутади; серияда турли GT синфларига мансуб автомобиллар иштирок этади.
Исмоил Аҳмадхўжаев — Тошкентлик 21 ёшли пойгачи. У спорт фаолиятини картингдан бошлаган ва Ўзбекистон чемпиони бўлган. 2022–2023 йилларда БАА ва Италиядаги Formula 4 чемпионатларида иштирок этган, 2022 йилда эса FIA Motorsport Games мусобақасида «Формула-4»да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган.
2026 йил январь ойида Аҳмадхўжаев Rossa Racing таркибида «Дубайнинг 24 соати» бир суткалик марафонида дебют қилди. Rossa LM GT экипажи GTX синфида олтинчи ўринни эгаллади. Шу йил ёзида Аҳмадхўжаев Роман Русинов билан бирга Италиянинг Муджелло шаҳридаги Ultimate Cup GT Sprint босқичида иштирок этди ва уларнинг автомобили пойгалардан бирида ғолиб чиқди.



