ЕБТЖ директори Ярослав Мандрон ва Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода кредит ажратиш тўғрисидаги битимни имзолагандан сўнг. Тожикистон Молия вазирлиги матбуот хизмати фотосурати
Евроосиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси (ЕБТЖ) Тожикистонга барқарорлаштириш кредити бўйича 100 миллион доллар миқдоридаги биринчи траншни ўтказди. Маблағлар 20 йил муддатга йиллик 1 фоиз ставкада, 10 йиллик имтиёзли давр билан ажратилди, деб хабар беради ЕБТЖ матбуот хизмати.
Транш 2026 йил 30 октябрда келиб тушди. Кредит Тожикистон ҳукумати ва республика Миллий банки 2025–2027 йилларда амалга ошираётган макроиқтисодий барқарорлаштириш ва таркибий ўзгаришлар дастурини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Аввалроқ, 2026 йил август ойида томонлар умумий миқдори 200 миллион долларлик кредит битимини имзолаган эди. Молиялаштириш уч босқичда ажратилиши кўзда тутилган: биринчи транш — 100 миллион доллар, кейинги иккитаси — 50 миллион доллардан.
Кредит орқали қўллаб-қувватланадиган дастур «Макроиқтисодий барқарорлик», «Бюджет сиёсати ва квазифискал хатарларни камайтириш» ҳамда «Макроиқтисодий ва таркибий сиёсатнинг шаффофлигини ошириш» йўналишларини қамраб олган 12 та чора-тадбирдан иборат.
ЕБТЖ — 2009 йилда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон томонидан таъсис этилган, ҳажми 9,8 миллиард долларлик минтақавий молиявий механизм. Жамғарма иштирокчи мамлакатларга макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш учун молиявий ёрдам кўрсатади. Тожикистон аввал ҳам бюджет ва ижтимоий харажатларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун мазку жамғарма маблағларини жалб қилган.



