ЖБ Қозоғистонда камбағаллик 20 йил ичида деярли тўрт баробар қисқарганини қайд этди

uz24.uz сайтидан олинган сурат

Қозоғистонда миллий камбағаллик чегарасидан паст даражада яшаётган аҳоли улуши 2006 йилдаги 18,2 фоиздан 2025 йилда 4,9 фоизгача қисқарди. Шу тариқа, сўнгги йигирма йил ичида республикада мазкур кўрсаткич деярли тўрт баробар камайди, дейилади Жаҳон банкининг (ЖБ) октябрь ойидаги ҳисоботида.

Экспертлар вазиятнинг яхшиланишига аҳоли меҳнат даромадларининг ўсишини асосий сабаб сифатида келтиради. Камбағалликнинг қисқариши мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилади. Кўрсатилган даврда даромади миллий камбағаллик чегарасидан юқори бўлган қозоғистонликлар улуши 81,8 фоиздан 95,1 фоизгача ошди.

Жаҳон банкининг харид қобилияти паритети бўйича кунига 8,30 доллардан кам даромадни ҳисобга олувчи халқаро методикасига кўра, камбағаллик даражаси 2006 йилдаги 55,7 фоиздан 2024 йилда 13,8 фоизгача тушган. Ушбу кўрсаткич халқаро таққослашлар учун қўлланилади ва миллий камбағаллик мезонидан фарқ қилади.

Ўтган йиллар давомида Қозоғистонда даромадлар тенгсизлиги ҳам бир оз камайган. Даромадлар тақсимотининг номутаносиблигини ифодаловчи Джини индекси 2024 йилда 30,2 баллдан 29 баллгача пасайди. Индекс қиймати қанчалик паст бўлса, аҳоли даромадлари шунчалик тенг тақсимланади.

Шу билан бирга, ҳамон бир миллиондан ортиқ қозоғистонлик камбағаллик чегарасида яшамоқда. Бундан ташқари, 2026 йилда миллий статистика кўрсаткичларнинг бир оз ёмонлашганини қайд этди: биринчи чоракда даромади яшаш минимумидан паст бўлган аҳоли улуши 4,9 фоизни, иккинчи чоракда эса 5 фоизни ташкил этди.

Харид қобилияти муаммоси ҳам сақланиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, иқтисодий ўсишга қарамай, аҳолининг реал пул даромадлари 1,1 фоизга қисқарган. 2026 йилнинг иккинчи чорагида аҳоли жон бошига ўртача номинал пул даромадлари ойига 263,7 минг тенгени (588 доллар) ташкил этди. Йил давомида улар 11,2 фоизга ошган бўлса-да, инфляцияни ҳисобга олганда реал ўсиш атиги 0,7 фоиз бўлди.

Бунда қозоғистонликларнинг ўз фаровонлигига бераётган баҳоси бир хил эмас. Миллий статистика бюроси томонидан жорий йилнинг март ойида ўтказилган аҳоли ҳаёт сифати тадқиқотига кўра, респондентларнинг 44,9 фоизи ўз ҳаётидан тўлиқ, яна 54,4 фоизи эса қисман мамнун. Сўровнома 12 мингта уй хўжалигини қамраб олди. Ҳаётидан тўлиқ мамнун бўлганлар улуши 2023 йилга нисбатан (ўшанда 41,8 фоиз бўлган) ошган, аммо 2021 йилги 61,3 фоизлик кўрсаткичдан ҳамон сезиларли даражада паст.

Жаҳон банки Қозоғистонда камбағаллик янада қисқаришини прогноз қилмоқда. 2028 йилга келиб, харид қобилияти паритети бўйича кунига 8,30 доллардан кам даромадга эга аҳоли улуши 7,9 фоизгача камайиши мумкин. Шу билан бирга, юқори инфляция ва реал даромадларнинг суст ўсиши аҳоли фаровонлигини оширишда хавф омиллари бўлиб қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ