Сув балосидан асрасин!

Ўш вилояти аҳлининг табиий офатларга қарши тургани ҳақида

Сел (сел оқими)Марказий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган табиий ҳодиса ҳисобланади. Аммо ҳар сафар тоғлардан лойқа сув тошқинлари пайдо бўлганда, расмийларнинг бундай табиий офатга қарши туришга тайёр эмаслиги кўзга ташланади. Огоҳлантириш тизими оқсайди, шунинг учун одамлар кўпинча табиий офатлардан нобуд бўлишади.

Қидирув-қутқарув ишлари. Қирғизистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистонга яна офат келди: 14 июль куни кучли ёмғир ва Оқ-Буура дарёсининг қирғоқларидан тошиб кетиши натижасида Ўш вилояти маъмурий маркази ва бир қатор туманларда сел оқими содир бўлди. Ўш шаҳар мэрияси фавқулодда ҳолат эълон қилди. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар сув босган кўчалар, бозорлар ва майдонларнинг даҳшатли тасвирларини тарқатиш пойгасини бошлашди. Одамлар уйларнинг томларига чиқиб, табиий офатдан сақланишга мажбур бўлишди, улар қоғоздан ясалган қайиқлар каби кучли сув оқими машиналарни қандай қилиб осонгина оқизиб кетаётганини томоша қилишди.

Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўш шаҳрида ва Ўш вилоятининг Қора-Сув туманида 800 га яқин турар-жой биноларини сув босган, ижтимоий объектлар, жумладан, тўртта мактаб, иккита болалар боғчаси, иккита шифохона ва битта музейга зарар етган. 500 га яқин одам эвакуация қилинган.

Аммо барчани қутқариб қолишга имкон бўлмади. «Мол булоқ» дам олиш марказида сел оқими тўрт нафар одамни оқизиб кетди – дастлабки маълумотларга кўра, улар бир оила аъзолари бўлган: она ва унинг уч қизи. Кейин бедарак йўқолганлар рўйхатидан яна бир аёл жой олди.

15 июль куни Қирғизистон расмийлари олти ёшли қизнинг жасади топилганини маълум қилди. Бундан ташқари, жасад қўшни Ўзбекистон ҳудудида – Андижон вилоятида жойлашган Шаҳрихонсой каналида топилган. Кейинроқ Ўш шаҳрида Оқ-Буура дарёсидан аёл жасади топилган. Маълум бўлишича, бу марҳум қизнинг онаси экан. Бундан ташқари, маҳаллий ОАВнинг аниқлик киритишича, оила яқинда Россиядан тўнғич қизининг тўйини нишонлаш учун қайтиб келган. Воқеа содир бўлган куни ота ва ўғил уйда қолган, она ва уч қиз таътилга кетган. Натижада уларни бошқа аёл билан бирга сел оқизиб кетган. Қидирув ишлари давом этмоқда.

Ўшдаги сув тошқини Андижон вилоятига ҳам таъсир қилди. Жалақудуқ туманида сел оқими автомобиль кўпригини вайрон қилган. Ижтимоий тармоқларда ҳалокат акс этган видео пайдо бўлди, кадрларда иншоотнинг чўкиб кетаётганини пайқаган ҳайдовчилар хавфсиз масофада тўхтаб, кўприк вайрон бўлаётганига гувоҳ бўлишган.

Аниқлик киритилишича, ҳеч ким жабрланмаган. Аммо Хўжаобод туманида сув пиёдалар кўпригини ҳам олиб кетгани маълум. Яхшиямки, қурбонлар бўлмаган.

Бундай ҳодисалар доимо бир саволни туғдиради: эҳтимол объектни бошқача лойиҳалаш, уни янада мустаҳкамлаш, сел хавфи бор зонада жойлашгани учун уни янада баландроқ қуриш керакмиди?

Қирғизистонга қайтадиган бўлсак, айни Ўш вилояти яқинда, шу ой бошида табиий офатга дуч келганини таъкидлаймиз. Ўшанда сел 13 кишининг ҳаётига зомин бўлганди.

Бу йил Қирғизистон табиат ҳодисалардан жиддий зарар кўрди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 20 апрелдан 1 июлга қадар республика ҳудудида 236 та сел оқими қайд этилган, унинг натижасида 17 киши ҳалок бўлган. Табиий офатдан кўрилган молиявий зарар 170 миллион сўмни (2 миллион долларга яқин) ташкил этган.

Қўшимча қиламиз, Марказий Осиёнинг барча республикалари селдан азият чекмоқда. Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида пайдо бўлган сел оқими аҳоли гавжум пунктларни босиб кетганди. Ўшанда уч киши ҳалок бўлганди, йўллар ва электр тармоқларини сув оқизиб кетганди.

Туркманистонда бир неча кун кучли ёмғир ёғди. Ашхобод ва бошқа туманларда шамол дарахтларни қулатган, тоғ этакларида ёғингарчилик сел оқимини юзага келтирган. Хўжалик биноларнинг бузилгани ва чорва молларининг нобуд бўлгани ҳақида хабар берилди, одамларнинг нобуд бўлгани доир маълумотлар берилмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ