Мафтункор Боғустон боғи

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, саккизинчи очерк. Шайх Умар Вали ва пайғамбар Идрис булоқлари
Шайх Умар Вали мақбараси (XIX-XXI аср). Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Биз мухбиримиз Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этамиз. Бизнинг бугунги материалимизда ҳалифа Умар ибн Ҳаттоб розиаллоҳу анҳунинг авлодларидан бири ҳамда тасаввуф шайхларига қарашли мерос ерлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Ҳар қандай касалга даво бўлган дори

Чорвоқ сув омбори соҳилларида жойлашган сиҳатгоҳларга борган одамлар одатда бу ердаги аксарият аҳоли манзилларининг номлари Ўзбекистоннинг руҳий тарихини акс эттираётганига эътибор берадилар. Хўжакент, Бурчмулла, Юсупхона – булар нафақат ибтидоий табиат қўйнидаги гўзал манзарали гўшалар, балки тасаввуф тариқати намояндалари билан боғлиқ қадамжолар жойлашган зиёратгоҳлар ҳамдир.

Чорвоқ тўртта тоғ дарёлари – Угам, Пскем, Кўксу ва Чотқол сойлари бирлашадиган тоғлар орасидаги товоқсимон чуқур ердан иборат бўлиб, ўз номини тасаввуф анъаналари туфайли олган. Чорвоқ – бу тасаввуф шайхлари, пири-муршидларининг ўзига хос мерос ерлари бўлиб, бу ерда улар ўзларига издош ва муридларни топишар эди. Агар истиора қилиб айтиладиган бўлса, Чорвоқ ёки Боғи Чорвоқ – нафақат боғлар, балки шайхнинг нафақаи рўзғорини таъминлайдиган қўрғон, фаравонлигини борасида қайғурадиган донишманд боғбон каби руҳоний султони ҳамдир.

Чорвоқ сув омбори. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Боғистон қишлоғи аҳолиси орасида юрган ривоятларда ҳикоя қилинишича, одамлар азалдан кўчиб ўзлаштирган бу жойларга кунлардан бир куни Умар Вали бошчилигида йигирма нафар ислом даъватчилари яёв келдилар. Шайхнинг ўзи эса Ҳулафои Рошидин – чаҳорёрлардан иккинчиси Умар ибн Ҳаттоб розиаллоҳу анҳунинг тўғридан-тўғри авлоди эди.

Боғистон атрофида 1960 йилларда ўтказилган археологик тадқиқотлар натижасида юқори палеолит даврига оид (эрамиздан 40-10 минг йил аввал) тош қуролларидан бошлаб милоднинг III-X асрларига тааллуқли маданий қатлам таркибидан металл, тош ва шиша предметларини ўз ичига олувчи бир талай топилмалар аниқланган. Ўн олти метр қалинликдаги маданий қатламнинг қудрати ва бойлиги Боғустоннинг тарихи Бухоро ёки Ҳиванинг тарихи каби қадимги даврларга бориб тақалади дея олимларнинг тахмин қилишларига туртки бўлди. Бироқ ўтган асрнинг 70 йилларида амалга оширилган Чорвоқ сув омбори тўғонининг қурилишидан сўнг археологик қазишма ишлари тўхтаб қолди. Атрофдаги тоғ қияликларида халқ анъаналари ва маҳаллий аҳолининг жонкуярликлари туфайли ўрта асрларга оид баъзи бир ёдгорликлар сақланиб қолди, холос.

Боғустон қишлоғининг чекка ҳудудларида тасаввуф тариқати вакиллари томонидан эъзозланадиган Мерген Ота, Оунак Ота, Кўлобмозор, Кавсар Ота дея аталадиган бир нечта жойлар бор. Йигирмата қабр маъносини англатувчи Бисмозор қабристони сув остида қолиб кетиш хавфи туфайли Шанто Бува деган тепаликка кўчирилди. Бисмозорнинг ўзидан Пскем дарёси соҳилидаги жарлик ёқасида унчалик катта бўлмаган майдонча қолган. Бу ерда саккиз юз ёшли азамат осиё қора арчалари ўсмоқда. Боғустондан унчалик узоқда бўлмаган шаҳар типидаги Бурчмулла посёлкасида эса маҳаллий аҳоли томонидан Библиядаги патриарх Енох дея аталувчи пайғамбар Идрис номи билан боғлиқлиги таъкидланадиган Қадам Бува қадамжоси жойлашган.

Афсоналарга кўра, бу ердаги тоғ қияликларида ҳазрати Идрис алайҳисалом бир вақтнинг ўзида бешта шифобахш булоқларнинг кўзини очган экан. Битта ҳовузга оқиб тушаётган бешта чашманинг сувидаги минераллар концентрацияси жуда кучли, таъми нордон-ширинтуруш бўлиб, зиёратчилар бу сувни ҳар қандай дардга даво бўлади, дея ишонадилар. Чорвоқ сув омборининг қарама-қарши соҳилидаги қояда Хўжа Балогардон ғорида ҳам зиёратчилар гавжум. Ривоятлар ғорни бу ерларга қачонлардир келиб кетган Нақшбандия тариқатининг машҳур асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) номи билан боғлашади. Унчалик чуқур бўлмаган ушбу ғорнинг тошли қуббаларидан тўхтовсиз булоқ сувлари томчилаб туради, лекин шунга қарамай зиёратчилар шу ернинг ўзида мулланинг бошчилигида зиёрат намозини адо этадилар.

Боғустоннинг ҳамда бутун Чорвоқнинг асосий қадамжоси саналган Умар Вали мақбараси мевали дарахтлари қалин бўлган боғда жойлашган, шу ерда Мозорсой тоғ жилғаси Пскем дарёсига оқиб тушади. Ривоятларга кўра, бу боғни шайх Умарнинг ўзлари яратганлар. У кишининг боғбонлик маҳоратига бутун қишлоқ аҳли қойил қолиб келган, негаки ҳатто қишда ҳам унинг боғидан янги узилган узум топиш мумкин бўлган. Ривоятга кўра, кунлардан бир кун унинг эшигини йўловчи мусофирлар тақиллатиб шайхдан, қоринларини тўйғазишни сўрадилар ва бунинг эвазига унинг бирорта юмушини бажариб беришларини ваъда қилдилар. Умар Вали уларга тоғ қиялигида боғ яратиш учун ярайдиган ерни бегона ўтлардан тозалаб беришни вазифа қилиб топширди. Йўловчилар оддий одам эмас, балки Тангри Таъалонинг назари тушган одамлар экан, дуо ўқиб топширилган вазифани бир зумда бажариб қўйдилар. Ва шундан кейин фақат бир коса қатиқ ичиб, бўлгуси боққа барака тилаб йўлларини давом эттиришган эканлар.

Ҳозир бу боғда улкан ўрмон ёнғоқлари ўсади, уларнинг ковагига катта одам ҳам сиғади. Баҳор бошланишида, пастда ўрик ва бодом гуллаган пайтда, тоғ тизмаларида Чорвоқ атрофида қор эримай турган бўлади, бироқ шайх Умар Валининг сеҳрли боғида бу пайтда юзлаб оқ рангли бойчечаклар очилади.

Дарахт ковагида яшириниб олгин

Умар Валининг замонавий мақбараси XVIII-XIX асрларда қурилган ва ўтган асрнинг 90-чи йилларида реставрация қилинган. Айтишларича, реставрация ишлари ўша фурсатда рухсат берувчи ҳужжатлар бўлмагани учун тўхтатиб қўйилган. Айнан шунинг учун ҳам мақбара биносини анъанавий гумбаз ўрнига бўртма пластикдан ясалган вақтинчалик пирамидасимон том ёпиб турибди. Кўпчилик зиёратчилар мақбарага кираверишда турган бир метрли қайроқ тошни албатта кўриб кетишни истайдилар – миллионлаб қўллар силайверганидан ялтираб кетган қабртош устида 1189 йил санаси ёзиб қўйилган. Бу тошга ким қўлини текизса, албатта унинг истаган орзуси ушалади, дейишади, аммо бу истак албатта хайрли ниятларга асосланган бўлиши лозим. Гарчи бу одат Ислом тамойилларини қўпол равишда бузиб, кўпроқ шомонлик сеҳрига ўхшаса ҳам, бундан ҳеч ким ҳижолат бўлмаяпти.

Замонавий мусулмон маданияти тарғиботчилари тошда ёзилган “Фақир ибн фақир” сўзлари бу тош буюк одамнинг қабртоши бўлиши мумкин эмас, шунинг учун у билан боғлиқ ривоятлар хурофотдан бошқа нарса эмас, дея таъкидламоқдалар. Бироқ айни пайтда Боғустондаги мақбаранинг тассаруфини ўз зиммасига олган Нақшбандия тариқатининг шайхлари маҳаллий афсоналарни рад этишга ҳамда бу ерга келган зиёратчиларни бирорта тартиб ёки қоида билан чеклашга шошмаяптилар. Мисол учун, кўпчилик зиёратчилар мақбара ёнидаги улкан ўрмон ёнғоғининг ковагига бемалол чиқишлари мумкин – шундай қилишса, гўёки уларга мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр бағишланиши мумкин, деб ишонадилар.

Умар Вали мақбараси ёнида яна битта мозор – унинг зурриёди Хўжа Довуднинг қабри сақланиб қолган. Маҳаллий аҳолига кўра, қачонлардир бу мозорга кираверишда ажабтовур ёзув битилган тош ётган эди. Бироқ тошдаги ёзувни на муллалар ва на олимлар – маҳаллийлари ҳам, бошқа узоқ юртлардан келганлари ҳам ўқий олмаган.

1978 йилда бу тош сирли тарзда икки номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилган. Туннинг ярмида улар боққа яширинчи кириб олиб, бир метрли юмалоқ тошни эшакка юкладилар. Бу қилмишни нима деб баҳоласа бўлади: “қора археологлар”нинг жиноятими ёки мутасаввифларнинг диний маросимими – шу чоққача ҳеч ким била олмади. Мусулмонлар ҳам ушбу қалтис масалани муҳокама қилмасликка ҳаракат қиладилар: нега жойнинг муқаддас муҳити дафнани қароқчилардан қутқариб қолмади?

Ўзбекистон тарихида шайх Умар Вали Боғустоний тасаввуф пир-муршидларининг машҳур сулоласига асос солгани билан танилган. Унинг ўғли – афсонавий шайх Хованди Тоҳур 1355 йилда Тошкентда дафн этилган. Айнан унинг шарафига Ўзбекистон пойтахтининг энг қўҳна туманларидан бири Шайхонтоҳур номи билан аталади. Юқорида номи зикр этилган Хўжа Довуд Хованди Тоҳурнинг ўғли ва Умар Валининг набираси бўлади. Унинг қизи эса 1404 йилда ўспиринлик чоғидан Нақшбандия тариқатининг пири-муршиди бўлган Хўжа Аҳрор Шошийнинг онаси бўлди. Бу тариқат Марказий Осиёдаги кўплаб мамлакатларининг ҳаётида ҳамда бутун Ўрта Шарқда нафақат XIV-XVII асрларда, балки анча кейинги даврларда ҳам улкан руҳоний ва сиёсий роль ўйнаб келган.

Қайд этиш жоиз, бизнинг кунларда Умар Валий мақбарасига зиёратлар етарли даражада тартибли равишда амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасига яқин ерда жойлашган Боғустон поселкаси кириб-чиқиш чекланган ҳудудда жойлашган бўлиб, бу қишлоқдан ҳатто туманнинг маъмурий маркази бўлган Ғазалкент шаҳри билан мунтазам транспорт алоқаси йўлга қўйилмаган. Бироқ бу ҳолат туризм билан шуғулланувчи фирмаларга Тошкентдан автобусларда чартер сафарларни уюштиришга халақит бермаяпти.

Умуман олганда, Ўзбекистонда “зиёрат туризми” сўнгги 10 йил давомида бизнеснинг истиқболли йўналишга айланиб бўлган. Ушбу бизнес расмийлар томонидан тақиқ остига олинмайди, бунинг учун фақат битта шарт бажарилиши лозим – саёҳат йўналишлари ва зиёрат тематикаси давлат мафкурасига мослаштирилиши зарур. Шу билан бирга зиёратчилар томонидан чўнтаклари кўтарса – исталган транспорт воситаларида – ижарага олинган автомобилда ёки чўнтаклари кўтармаса, отлиқми ёки яёвми, қадамжолар зиёратлари давом этиб келаверади.

Андрей Кудряшов фотосуратлари, «Фарғона"