Икки устун оралиғида

Тошкентдаги Буддавийлар ибодатхонасига доир музокаралар боши берк кўчага кириб қолди
тошкентдаги буддавийлар ибодатхонаси ёнидаги қурилиш ишлари. АНДРЕй КУДРЯШОВ фотосурати / «ФаРғоНА"

Тошкент метрополитени бўлажак йўналишининг икки устуни нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёдаги ягона бўлган Буддивийлар ибодатхонасида тақалиб қолгани — ҳукм кутиб турган маҳбус ёнидаги соқчиларга ўхшайди. «Чаинса» («Меҳр») мажмуасининг яшаб қолиши ёки қолмаслиги — шаҳар ҳокимиятининг ибодатхона бир қисмини метро қурилиши учун ажратиб беришга қарор қилганидан сўнг Тошкент буддавийларини яна хавотирга солди.

Яна деганимизга сабаб — 2018 йили мажмуа ерини йўлни кенгайтириш учун тортиб олишга ҳаракатлар бўлганди. Ушбу воқеа кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганди, ўшанда Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу ишга аралашди ва натижада ибодатхона ҳимоя қилинди. Буддистлар енгил нафас олишди, лекин бу хотиржамлик узоққа бормади.

2021 йил баҳорида «Чаинса» маъмурияти Чилонзор метро йўналиши ва Халқа йўлини боғлайдиган ерусти линиясини қурилиши учун ҳокимият ибодатхона ҳудудининг бир қисмини давлат эҳтиёжлари учун олишга қарор қилаётганидан хабар топди.

Ерни олиб қўйишнинг расмий тартиби ҳали бошланмаган бўлсада, қурувчилар ибодатхона биқинида қазиш ишларини бошлашган.

Куни-кеча улар мажмуанинг канализациясини ишдан чиқаришди ва «Чаинса» ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Ибодатхонада вазият чидаб бўлмас даражага етгани ҳақида арз қилинди, шундан сўнг метро қурувчилари ва сув таъминоти ходимлари канализацияни бепул таъмирлаб беришди.

Аммо қурилиш ишлари давом этмоқда ва улар нимага олиб келишини «Чаинса»дагилар билишмайди – улар лойиҳа билан танишмаганлар.

Оғзаки ва норасмий

«Биз метро қурилишига тўсқинлик қила олмаймиз ва буни хоҳламаймиз ҳам, зеро бу ишлар умумманфаат йўлида амалга оширилмоқда. Аммо, бошқа томондан, метро бизга келиб тақалди ва ҳеч ким фикримизни сўрамади. Масъул шахслар қурилиш лойиҳасини тақдим этганларида ҳам негадир биз йўлда кўндаланг эканимизни айтишмади. Энди эса ҳеч ким бу масъулиятни ўз зиммасига олишни хоҳламаяпти. Шундай қилиб, вазият боши берк кўчага кириб қолган», — деб тушунтиради ибодатхонанинг расмий вакили, бош руҳоний ўринбосари Александр Хегай «Фарғона»га берган интервьюсида.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан, биз бузиб ташланаётганимизни ҳам ҳали билмаймиз: ҳеч ким бизга ҳеч нарса ҳақида расман хабар бермаган. На қурувчилар, на мутасаддилар биз билан расман боғланишмаган.

Бизга шунчаки оғзаки компенсация таклиф қилишди, оғзаки равишда бошқа жойдан ер майдони таклиф қилишди, лекин биз товон таклифини рад этдик, чунки бу пул эвазига янги жойда ибодатхона қура олишимизга ақлимиз етмайди. Оғзаки келишувлар бизга тўғри келмайди – ваъда берган виждонсиз амалдорлардан бир неча бор куйиб қолганмиз, биласизми, Тошкент вилоятида, Зангиота вилоятида бўлганимизда ҳам бизга қанча ваъдалар беришганди.

Александр Хегай. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона"

Компенсацияни ҳисоблаш учун мусодара қилинган ер участкасини ва унда жойлашган биноларни баҳолаш керак. Хегайнинг сўзларига кўра, расмийлар ибодатхона маъмуриятига ўз ҳисобидан баҳолаш ишларини ўтказишни таклиф қилишган. Бироқ, биринчидан, бу тартиб бир неча миллион сўмга тушади, иккинчидан, баҳолашга розилик бериш бу компенсацияга розиликни англатади. Аммо компенсация мажмуанинг олиб қўйилган қисмининг нархини қоплаган тақдирда ҳам, бу ибодатхонани ҳозирги ёки бошқа жойларда тўлиқ каноник шаклда қайта тиклаш имкониятига эга бўлишига кафолат бермайди, деб хавотир билдирадилар буддавийлар.

Гап шундаки, канон нафақат асосий бинонинг, балки бир-бирига боғланган турли хил тузилмаларнинг мавжудлигини ҳам назарда тутади.

«Ушбу ягона организмнинг кичик бир қисмининг қисқариши нафақат кўриниш бузилишига, балки ибодатхонанинг аҳамияти, маъносининг йўқотилишига ҳам олиб келиши мумкин», деб тушунтирган эди Александр Хегай 2018 йили «Фарғона» нашрига. — Ибодатхонадан ташқари бу ерда Кореядан келтирилган нилуфар гуллари ва балиқлардан иборат ҳовузимиз бор. Нилуфар буддивийликнинг машҳур рамзидир: ифлос сувда ўсадиган бу гул доимо тозадир. Роҳиб хонаси, бир нечта ёрдамчи хоналар ҳам мажмуанинг ажралмас қисмидир. Биз комплекс яхлитликнинг якуний элементи сифатида ҳовлига Будда товонини жойлаштиришни режалаштирмоқдамиз. Келажакда биз ибодатхонага кираверишдаги томларни буддизмга эътиқод қилувчи халқларнинг анъанавий уйлари томларидек қурмоқчимиз.

Ибодатхонанинг расмий позицияси

Ибодатхона маъмурияти ҳокимиятнинг расмий хабарларини кутмасдан, Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (ДИБҚ) ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига таҳлилий эслатма юборганидан сўнг оғзаки таклифлар олган. ДИБҚ жавоб бермаган, бироқ унинг вакили 13 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Алимардон Қаршиев томонидан ибодатхона маъмурияти билан ўтказилган йиғилишда иштирок этган.

Учрашувда Александр Хегай ибодатхонанинг расмий позициясини тақдим этган:

«1. Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги ягона бўлган буддистлар ибодатхонаси бузиб ташланмайди. Уни фақат бошқа жойга кўчириш мумкин. Кўчиб ўтган тақдирда, у ҳукумат томонидан Буддавийлик меъморчилик меъёрларига мувофиқ реконструкция қилиниши керак.

2. Ҳокимият билан музокаралар жараёнида эришилган барча келишувлар меморандум шаклида тузилади ва ваколатли мансабдор шахслар томонидан имзоланади.

3. Музокаралар натижасида ишлаб чиқилган барча келишув ва режалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва матбуот анжуманларида зудлик билан жамоатчиликка етказилиши шарт.

«Фарғона» суҳбатдошига кўра, мутасаддилар бу шартларга ноилож рози бўлган, аммо меморандумни имзолашдан олдин Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан маслаҳатлашиш учун кечиктиришни сўрашган.

«Биз оғзаки келишиб олдик, улар [Тошкент ҳокимияти] бизнинг ибодатхонани ўз маблағлари ҳисобидан кўчиришади, яъни бошқа жойда қуришади. Аммо, эҳтимол, мумкин бўлган молиявий харажатларни баҳолаб, улар буни музлатиб туришибди», — дейди Хегай.

Июлдаги йиғилишдан сўнг ҳокимлик вакиллари бир неча бор компенсация тўлаш бўйича оғзаки таклифлар билан келишган, бироқ ибодатхона маъмурияти буни рад этган.

ℹ️ Ҳукумат қарори билан 2019 йил 16 ноябрда (911-сонли қарор) тасдиқланган «Ер участкаларини олиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомда ер участкасини олиб қўйиш зарурати туғилган тақдирда, ҳокимлик ёки инвесторлар ва мулкдорлар ўртасида оммавий ахборот воситалари иштирокида очиқ муҳокама ўтказилиши белгиланган. Келишилган товон пулисиз мулкни бузишга йўл қўйилмайди. Ҳокимликлар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли эмас.

ℹ️ 2020 йил 23 декабрдаги қонунга кўра, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлар мулк эгалари билан очиқ муҳокамадан, фойда ва харажатларни баҳолашдан сўнг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш учун Марказлаштирилган жамғарма билан келишилгандан кейингина рухсат этилади. Ер участкасини ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан амалга оширилади.

Канонга кўра, ибодатхонасайёҳларни ўзига жалб қиладиган жой ҳисобланади

«Чаинса»дагилар янги мажмуа барпо этилса, у зиёрат туризмини ривожлантиришни кўзда тутиши лозим, деб ҳисоблайдилар.

«Олимларимиз туфайли Вьетнам, Жанубий Корея, Япония буддавийлик илгари тахмин қилинганидек Ҳиндистондан эмас, балки Буюк Ипак йўли бўйлаб Ўзбекистон орқали кириб келганини аллақачон билишади. Буларнинг барчасини мамлакатимиз ҳудудидан топилган, жаҳонга машҳур ёдгорликлар ҳам тасдиқлайди. Буддизм Марказий Осиёда минг йилга яқин мавжуд. Бу нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихи. Шундай қилиб, биз буддавийлик туризмини ривожлантирмоқчимиз», — деб тушунтиради Хегай.

Дастлаб, мулозимларга ибодатхона мажмуасининг катта лойиҳаси тақдим этилди, унинг майдони тахминан бир гектарни эгаллайди.

«Агар у тасдиқланса, биз Жанубий Кореядан тўғридан-тўғри сармоя ва маҳаллий корейсларимиз маблағларини қурилишга жалб қилишимиз мумкин эди. Лекин масала маҳаллий даражада ҳал этилаётгани боис бизга: йўқ, биз сизга бундай ер ажрата олмаймиз, зеро қурилишга 4-5 миллион долларга яқин маблағ керак бўлади, дейишди.

Биз жавоб бердик: яхши, келинг унда, сизга бошқа вариантни тақдим қилайлик. Ва лойиҳани ярмига қисқартирдик. Ҳозирча таклифларимизга Тошкент ҳокимлигидан расмий жавоб олганимиз йўқ», — дейди «Фарғона» суҳбатдоши.

Бугунги кунда «Чаинса» ибодатхонаси 10 сотих эрни эгаллайди. У 2016 йили, асосан, 1991 йилда Ўзбекистонга кўчиб келган жанубий кореялик роҳиб Янг Ки Хун ҳисобига қурилган ва у бир неча бор жойини ўзгартирган. Мавжуд ибодатхонани қуриш ва жиҳозлаш учун 100 минг доллардан ортиқ маблағ сарфланган.

«Ҳокимлик таклиф қилган 10-15 сотих ерга ҳеч ким сармоя киритмайди, у ерда фақат хусусий черков қуриш мумкин, холос.

Биз давлат ва хусусий инвесторлар иштирокида диққатга сазовор жойга айланадиган ва сайёҳларни жалб қиладиган тўлақонли каноник ибодатхона қуришни таклиф этамиз.

Ҳозирда Кореяда Ўзбекистонга келиб, ибодатхона ва буддизм ёддгорликларини кўриш истагида бўлган икки гуруҳ бор. Аммо вазият нозик бўлгани учун биз улардан кутиб туришни сўрадик», — деб тушунтиради Хегай.

Бугунги кунда ҳам ибодатхонага кўплаб одамлар ташриф буюрадилар. Бу ерга нафақат маҳаллий аҳоли, балки Жанубий Кореядан муҳожирлар келадилар.

«Ҳозир бизга Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистондан сайёҳлар кўп келмоқда. Улар бир-бирлари билан учрашиш, ибодат қилиш, медитация қилиш учун келишади. Шунингдек, биз буддавийлик бўйича маърузалар ўтказамиз. Биз ташриф буюрувчиларнинг ҳисобини юритмаймиз, чунки ибодатхонамиз эшиги дини ва миллатидан қатъи назар, ҳамма учун доим очиқ. Биз сурат, видеога олишга рухсат берамиз – бизда ҳамма нарса мутлақо шаффоф», — дейди Хегай.

Ибодатхона маъмурияти амалдорлардан ҳам шаффофликни кутишади. Шунингдек, у барча шарт ва келишувларни қоғозда битиб, бир йил олдинги «Чаинса» келажагига доир ноаниқликдан тезда халос бўлишни хоҳлайди.

«Биз музокаралар жараёнида иштирок этган амалдорларга айтдик: агар сиз ўз ваколатингиз доирасида бизнинг лойиҳамизни [янги ибодатхона мажмуаси] маъқуллай олмасангиз, уни ҳукуматга тақдим этинг. Буни амалга ошириш мумкинми ёки йўқми, ўзи ҳал қилсин. Аммо гап шундаки, ўрта бўғиндаги амалдорлар бу ҳолатни юқори раҳбариятга етказишмаган. Уларнинг ўзлари эса бизга ёрдам бера олмайдилар, ҳатто хоҳласалар ҳам — бу уларнинг ваколат даражасида эмас.

Биз учун ҳукуматнинг муаммомиздан хабардор бўлиши ва оқилона, ​​давлат қарорини чиқариши муҳим. Биз эса, буддавийлар тили билан айтгандаҳар қандай жавобни қабул қиламиз»,дея хулоса қилади Александр Хегай.

«Чаинса» ибодатхонаси маъмуриятининг позицияси фойдасига камида иккита омил мавжуд.

✅ Биринчидан, Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири деб эълон қилинди, давлат ҳокимияти органлари туризмнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, зиёратгоҳларни ҳисобга олган ҳолда туризм хизматларини диверсификация қилиш ва янги йўналишларни ишлаб чиқиш билан машғул. Бу ерда эса буддавийларнинг таклиф қиладиган нарсаси бор: Ўзбекистонда 20 га яқин Будда ёдгорликлари, асосан, қадимий ибодатхона мажмуалари ва аҳоли пунктлари қолдиқлари мавжуд. Энг машҳурлари 13 метрли Зурмала ёдгорлиги ва Сурхондарёдаги Фаёзтепа ибодатхоналари мажмуасидир. «Чаинса»да туризм соҳасида лойиҳалар яратиш ва экскурсия йўналишларини ишлаб чиқишга тайёр.

Шунингдек, резидентлари буддизмга қизиқувчи Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония, Вьетнам ва Таиланд мамлакатлари Ўзбекистон президенти фармони билан туризмни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга масъул давлатлар рўйхатига киритилганини ҳам қайд этиш лозим. Яъни, расмийлар бу давлатлардан имкон қадар кўпроқ сайёҳларни жалб қилишни хоҳлайди.

✅ Иккинчидан, 2022 йил Ўзбекистон ва Жанубий Корея учун муҳим йил бўлди. Улар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди, бундан 85 йил аввал Ўзбекистон Узоқ Шарқдан депортация қилинган ўн минглаб корейсларни ўз бағрига олганди. Мамлакатлар стратегик ҳамкор ҳисобланади, яқин орада Ўзбекистон президентининг таклифига кўра муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилади. Буддавийлар ибодатхонасининг давлат кафолати остида ҳозирги кўринишида сақланиб қолиши ёки канонга мувофиқ янги ибодатхона мажмуасининг барпо этилиши Ўзбекистон-Корея дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шундек экан, «Чаинса» ҳудудининг бир қисмини босиб олишга уринишларни қандай изоҳлашни билмайди киши.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?