Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди 8 октябрь куни ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш иши бўйича ҳукм чиқарди. Ушбу ишда «Социал-демократлар» партияси вакиллари, жумладан, Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Қодир Атамбаев ҳам айбланувчи сифатида қатнашган. Бу ҳақда Akipress хабар берди.
«Социал-демократлар» партияси раҳбари Темирлан Султонбеков ва унинг ўринбосари Қодир Атамбаев суд томонидан ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўришни ташкил этган деб топилди. Уларга мол-мулкни мусодара қилиш билан бирга 4 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга, Султонбековнинг 2025 йил 24 апрелда Бишкек шаҳри Свердлов туман суди томонидан чиқарилган ҳукм бўйича ўтаб бўлмаган жазоси (овозларни сотиб олиш иши) ҳисобга олинган ҳолда, унинг якуний жазо муддати 7 йилни ташкил этди. Улар жазони умумий тартибдаги колонияда ўташади.
«Социал-демократлар» партияси аъзоси Эрмек Эрматов жиноятни яширишда айбдор деб топилиб, бир йил муддатга пробация назоратига юборилди.
Парламент собиқ депутати Кубаничбек Кадиров тўлиқ оқланди.
Қозоғистон фуқароси Серикбай Кабиланбек 1 йил 9 ойга озодликдан маҳрум этилди. У қамоқда сақланган вақтида тайинланган жазо муддатини амалда ўтаб бўлгани муносабати билан ҳибсдан озод қилинди. Озодликка чиққач, у Қирғизистондан чиқариб юборилади.
Яна бир айбланувчи — Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролигига эга Абдураҳим Абдрахманов ҳокимиятни эгаллаб олишга тайёргарлик кўришга ундаганликда айбдор деб топилди. Ушбу иш бўйича унга мол-мулкини мусодара қилиш билан 2 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бироқ 2022 ва 2023 йилларда бошқа ишлар бўйича унга чиқарилган ҳукмлар ҳисобга олинган ҳолда, якуний жазо муддати мол-мулкни мусодара қилиш билан умумий тартибдаги колонияда 8 йилни ташкил этди.
Суд жараёни судья Искандер Саргалдаков раислигида ёпиқ тарзда ўтказилди.
Мамлакат собиқ президентининг ўғли ва унинг тарафдорлари қўлга олингани ҳақида ўтган йил 24 ноябрда хабар берилган эди. Ўшанда куч ишлатар тузилмалар бир нечта шахсга нисбатан 30 ноябрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган парламент сайловларидан сўнг бошланиши режалаштирилган оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилганди. Ички ишлар вазирлиги «деструктив гуруҳ» ҳақида маълумот берган бўлиб, унинг таркибига сиёсатчилар, собиқ депутатлар, собиқ давлат хизматчилари ва куч ишлатар тузилмалари ходимлари киргани айтилганди. Вазирлик маълумотларига кўра, улар провокациялар ва куч ишлатиш билан боғлиқ тўқнашувлар учун тарафдорларни, жумладан, уюшган жиноий гуруҳлар (УЖГ) ва спорт жамоалари вакилларини жалб қилишган.
Дастлаб барча гумонланувчилар қамоққа олинган, бироқ кейинчалик айрим шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси енгиллаштирилган. Кубаничбек Кадиров ва Шайлообек Атазов уй қамоғига ўтказилган, Дамир Мусакеев эса тилхат асосида озод қилинган. 2026 йил июль ойида уч нафар айбланувчи — Атазов, Мусакеев ва Урмат Бариктабасовга нисбатан материаллар алоҳида иш юритувига ажратилган.



