Меҳнат мигрантлари Тожикистонга давлат бюджетидан кўпроқ миқдорда пул жўнатганлар

Asiaplustj.info сайти фотосурати

Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари 2019 йили Тожикистонга $3 миллиардга яқин миқдорда пул ўтказганлар. РФнинг Тожикистондаги элчиси Игорь Лякин-Фролов шундай рақамларни келтирди, деб хабар беради Sputnik.

Элчининг сўзларига кўра, Россияда умумий ҳисобда бир миллионга яқин тожикистонликлар меҳнат қиладилар.

Мигрантларнинг пул ўтказмалари 2018 йили $2,5 млрд ташкил этган. Тожикистоннинг давлат бюджети 2019 йили $2,5 миллиардни ташкил этгани ҳисобга олинса, мамлакатга мигрантлардан келаётган пул давлат бюджетидан кўпроқ суммани ташкил этади.

«Бу пул ўтказмалари Тожикистон иқтисодиёти учун ижобий роль ўйнамоқда», — дейди дипломат. «Мамлакатларимиз миграция соҳасидаги ҳамкорликни узоқ муддатли ва ўзароманфаатли бўлишини хоҳлайди», — дейди Лякин-Фролов шу йилнинг 12 ойи ичида икки мамлакат ўртасида савдо айланмаси $1 миллиардан ошганини таъкидлар экан.

Тожикистон ҳукумати йилни якунлар экан, иқтисодий ўсишлар юз берганини маълум қилади. Мамлакат Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги 2019 йили давлат ЯИМ режадаги $7,6 млрд (ўтган йили ЯИМ 68,8 млрд сомони, яъни $7,3 млрд бўлган) ташкил этишига ишонади.

Ҳукумат иқтисодий ўсишни саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўпайганлиги билан изоҳайди, лекин экспертлар ЯИМ меҳнат мигрантлари юбораётган пуллар ҳисобига мувозанатни сақлаб турганига ишора қиладилар. Пул жўнатмаларининг пасайиши мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Тожикистонга пул ўтказиш республикада Миллий процессинг марказининг (МПМ) ташкил этилганидан сўнг қийинлашган. Жорий этилган янги тартиблар тожик бозоридан MoneyGram, «Золотая корона» ва «Близко» пул ўтказмалари тизимининг тарк этишига сабаб бўлди.

Банк ходимлари тизимдаги узилишлардан шикоят қиладилар. Улар 1- 2 дақиқали операциялар ярим соатга чўзилиб кетаётганини айтадилар. Тожикистон Миллий банки МПМ яхши ишлаётгани, пул ўтказмаларидаги қийинчиликлар тижорат банклари айби билан содир бўлаётганини таъкидлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ