«Фарғона»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири аккредитацияси 2021 йил март ойигача узайтирилди

Андрей Кудряшов аккредитацияси «Фарғона» фотосурати

«Фарғона» ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги махсус мухбири Андрей Кудряшовнинг аккредитацияси 2021 йил 25 мартгача узайтирилди. 24 март куни республика Ташки ишлар вазирлиги томонидан мухбирга шу тўғрида гувоҳнома берилди.

Тошкентлик журналист ва фотограф Андрей Кудряшов «Фарғона» ахборот агентлиги ходими сифатида 2002 йилдан 2005 йилгача аккредитациядан ўтиб келганди. Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари кўплаб мухолифат веб-ресурслари ва мустақил оммавий ахборот воситалари сайтларидан маҳрум бўлдилар. Улар қаторида «Фарғона» ҳам бор эди.

Орадан 14 йил ўтиб, ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати «Фарғона» вакилларининг республикада расман фаолият юритишига рухсат берди. 2019 йил 22 апрелда Кудряшов хориж матбуоти мухбири сифатида ярим йиллик аккредитацияга эга бўлди. У пайт ахборот агентлигининг сайти Ўзбекистонда блокланган эди. 10 май куни веб-ресурс тақиқдан озод бўлди. ЎзбекистонТИВ маълумотига кўра, 2020 йил 20 февраль ҳолатига биноан мамлакатда 14 давлатдан 51 нафар журналист аккредитациядан ўтган. Аккредитациядан ўтган ОАВ орасида Хитой (13 нафар мухбир) ва Россия (11 нафар мухбир) етакчилик қилади.