Мирзиёев қурилиши соҳасидаги коррупцияга қарши рақамлаштириш билан зарба бериши ҳақида огоҳлантирди

Шавкат Мирзиеев йиғилишда . President.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев архитектура-қурилиш соҳасидаги коррупция ва «хуфиёна иқтисодиёт» ҳолатларини кескин танқид қилиб, қурилиш тендерларини ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштиришга ўтказишга ваъда қилди. Бу ҳақда у 20 июль куни бўлиб ўтган йиғилиш давомида билдирди.

Бугунги кунда мамлакатда 32 мингта қурилиш ташкилотлари фаолият юритмоқда. Йиғилишда 1 сентябрга қадар қурилиш корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, давлат харидлари, ишчи-ходимлар малакаси каби маълумотларни қамраб олувчи ягона платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бу платформа 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан республика бўйича жорий этилади. Унга электрон меҳнат дафтарчаси тизими ҳам интеграция қилинади.

Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши кураш бўйича қўмитаси қайд этганидек, қурилишдаги коррупцияларнинг аксарият ҳоллари тендер ўтказиш жараёнида ва айниқса, капитал қурилиши бўйича ишларни амалга ошириш ҳуқуқи эгаларини аниқлаш пайтида қайд этилган бўлиб, бунда «биринчи даражага манфаатлар тўқнашуви чиқиб олади ва шаффофлик ва очиқлик йўқ бўлади».

Сўнгги икки йил давомида давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган.

Келгуси йилдан бошлаб янги ахборот тизимига киритилган ва рейтинги юритиладиган қурилиш-пудрат корхоналарига маблағ ажратилиши белгиланди.

Мирзиёев Қурилиш вазирлиги олдига 337 та шаҳарсозлик қоида ва нормаларидан жорий йилда 60 тасини янгилаш вазифаси қўйилган. Йил бошида вазирликда Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилиб, унга 15 нафар малакали мутахассис олинган. Ҳозирда 33 та янги шаҳарсозлик қоида ва нормалари ишлаб чиқилган. Йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун илғор тажрибага эга хорижий компанияни жалб этиш бўйича кўрсатма берилди.

Президент барча шаҳарсозлик қоида ва нормалари интерактив кўринишга ўтказилиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича барча жараёнларни рақамлаштириш ҳамда экспертиза хулосаларини ягона базада сақлашни йўлга қўйиш кераклигини қайд этиб ўтди. Бу чоралар қурилишга рухсат бериш жараёнини 254 кундан 84 кунга қисқартириш, ушбу жараёнлардаги тартиб-таомилларни 17 тадан 5 тага камайтириш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг бу ишларга сарфланадиган вақтини 67 фоизгача қисқартириш имконини беради.

Президент мутасаддиларга бир ой муддат ичида қурилиш корхоналари ва объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш вазифасини юклади. Жорий йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан бошқа ҳудудларда қурилишда аниқланган барча камчиликлар фотосуратлари билан тизимга онлайн киритилади ва назорат жараёнлари автоматлаштирилади. Қурувчи ташкилот ёки фуқароларга қурилиш жараёни тартиблари ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумотларни исталган вақтда олиш имкониятини берувчи онлайн тизим ишга туширилади.

Президент коррупцияга қарши кураш ҳақида анчадан бери гапириб келади, 2020 йил июнь ойида эса тўғридан-тўғри Мирзиёевга бўйсунувчи янги орган – Коррупцияга қарши кураш агентлиги тузилган.

Қурилиш соҳасида шов-шув кўтарган сўнгги коррупциявий ишлардан бири – Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарининг Чилонзор туманидаги ер участкалари билан фирибгарликни амалга ошираётган пайтда пора билан қўлга тушганлари бўлди.