Путин мигрантларнинг Россияда вақтинча яшашига доир фармонни имзолади

Владимир Путин. kremlin.ru сайти фотосурати

Россияда қонуний асосга эга бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинча яшаш муддати 2021 йил 30 сентябригача узайтирилди. Бу тўғрида президент Владимир Путин фармон имзолади. Ҳужжат Кремль сайтида эълон қилинган.

РФда яшаётган чет элликлар 30 сентябрга қадар Ички ишлар вазирлигига ҳужжатларни расмийлаштириш учун ариза беришлари ёки мамлакат сарҳадини тарк этишлари мумкин.

Қамоқхоналардан озод этилган, РФ чегара қонунчилигини бузган, шунингдек террорчиликни қўллаб-қувватлаган, рухсат берилмаган намойишларда иштирок этган ёки миллий хавфсизликка хавф туғдираётган фуқаролар бундан истиснодирлар.

Ушбу фармонда 16 июндан 2021 йил 31 декабрига қадар виза талаб этилмайдиган мамлакатлардан Россия Федерациясига кириб келган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги йўқ шахсларнинг ҳужжатларни расмийлаштириш муддати ва РФга ташриф мақсади талабларисиз патент берилиши (қайта расмийлаштирилиши) учун ариза беришга ҳақли экани айтиб ўтилган.

Будан ташқари, 16 июндан бошлаб жорий йилнинг сўнггига қадар Россияда яшаётган чет эл фуқароларининг вақтинча ва доимий яшаш, уларнинг яшаш жойларига регистрация қилиниши муддатлари тўхтатилади, шунингдек қочқин гувоҳномаси муддати ва Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бошпана берилганлик гувоҳномаси муддати ҳам тўхтатилади.

Ҳужжат 16 июндан кучга киради. Президентнинг чет эл фуқароларига имтиёз режимини тақдим этган аввалги фармони 15 июнга қадар амалда эди.

Россия мигрантлари федерацияси президенти Вадим Коженов бундан аввал ҳукумат чет элликлар ҳужжатларини расмийлаштиришни енгиллатишга қаратилган янги ҳужжат тайёрлаётганини ва бу яқин орада эълон қилинишини маълум қилганди. «Фақат, бир нарса мени хавотирга солади: агар ҳужжат 15 июнга қадар имзоланмаса, у ҳолда ИИВ бир неча кун мигрантларни ушлаб, жаримага тортишга, мамлакатдан чиқариб юборишга ҳақли бўлади. Ҳужжат имзолангандан кейин эса, жазога тортилган одамлар жарима ва депортацияни бекор қилиш учун судга мурожаат қиладилар. Ўтган йили шундай ҳолат юз берганди», — деди у «Говорит Москва» радиостанцияси эфирида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ