Ҳирот шаҳридаги БМТ офисига ҳужум уюштирилган

Ҳирот аэропорти. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона»

«Ҳукуматга қарши кучлар» Афғонистон ғарбида жойлашган Ҳирот шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти офисини ўққа тутганлар. Бу ҳақда БМТнинг Афғонистондаги миссияси матбуот хизмати хабар қилади.

Ҳужум оқибатида ваколатхона қўриқчиларидан бири ҳалок бўлган. Хабарда ҳужум ўқотар қурол ва гранатамет ёрдамида уюштирилгани айтилади.

Ваколатхона ходимларидан бирортасига зиён етмаган.

Шуни таъкидлаш лозим, «Толибон» ҳаракати (Россия ва бир қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) жангарилари мана икки кундан бери Ҳирот остонасида ҳукумат кучлари билан кескин жанглар олиб бормоқда. Толиблар шаҳардан 4 километр олисда жойлашган аэропортни қуршаб олишган. Шу туфайли барча авиарейслар бекор қилинган. Ҳирот аэропортида фуқаро самолётларидан ташқари, афғон армиясининг ҳарбий авиацияси ҳам мавжуд. Бундан бир ой олдин аэропортни 20 йил давомида қуриқлаб келган итальян армияси уни Афғонистон мудофаа маҳкамасига топширган.

Афғонистон бўйича мутахассис Андрей Серенкога кўра, толиблар Ҳиротни босиб олишлари ҳам мумкин. Унинг маълумотларига қараганда, радикаллар шаҳарни ишғол қилиш учун 4-5 мингта жангарини йиққанлар.

«Афғон ҳукумати учун Ҳиротни қўлдан бой бериш бу «хамир учидан патир». Маълумотларга кўра, толибларнинг асосий мақсади — Ҳирот аэропорти ва ундаги самолётларни қўлга киритишдан иборат.

Афғон махсус хизматларига кўра, толиблар орасида самолётни бошқарувчи бир неча учувчилар ҳам бор. Уларнинг барчаси чет эл фуқароларидир. Бу ҳолат — толиблар қўлга киритилган фуқаро ва ҳарбий самолётлар ёрдамида ҳужумлар уюштиришни режалаштирмоқдалар, дейишга асос бўлади», — деб ёзади Серенко ўзининг Telegram саҳифасида.